Она ва боланинг ҳаётига зомин бўлган ҳайдовчига жиноий жазо тайинланди
Ф.Р. 1993 йил Ургут туманида туғилган. Ҳали 30 ёшга ҳам кириб улгурмаган бу йигит ҳаётининг 8,5 йилини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Нега?
У жорий йил 4 май куни соат 19:30 ларда, Ургут тумани Тинчлик маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Самарқанд-Панжакент Садриддин Айний А-377” автомобиль йўлида, бошқарувида бўлган “Ваз-2106” русумли автомашинасида “Йўл ҳаракат қоидалари”ни қўпол равишда бузиб, “Газ 5327” русумли юк автомашинаси билан тўқнашув содир қилган.
Оқибатда юк автомашинаси салонида бўлган аёл ва унинг вояга етмаган ўғли оғир, ҳаёт учун хавфли бўлган тан-жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.
Аслида Ф.Р. “Ваз-2106” русумли автомашинани бир ҳафта олдин пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан қўшнисидан сотиб олган. Автомашина пулини тўлиқ бермаганлиги сабабли ўз номига расмийлаштириб олмаган ва бошқариш ваколатини берувчи ишончнома ҳам олмаган.
Бундан ташқари, унда автомашина бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган. Энг ёмони, у ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда икки жиянини автомашинага миндириб юрган бўлган.
Ф.Р. Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилди. У 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Муайян ҳуқуқдан ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари алоҳида ижро этилади. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил колонияларида ўташ белгиланди.
Жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
А.АҲМАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди судьяси.