Ўқинг, қизиқ: Пойтахтсиз мамлакат
Тинч океанининг ғарбий қисмида ороллардан бирида Науру Республикаси жойлашган. Унинг ҳудуди 21,3 квадрат километр бўлиб, аҳолиси эса бор-йўғи 10 минг кишидан ошади.
1968 йилда мустақил давлат деб тан олинган мазкур мамлакатда нафақат шаҳар, балки унинг расмий пойтахти ҳам йўқ. Президент қароргоҳи Мененг қишлоғида, ҳукумат идоралари ва парламент Ярен мавзеида қўним топган. Барча аҳоли океан қирғоғи ва Буада кўли атрофида ўрнашган.
Науру - ер юзидаги энг кичик мустақил республика ва энг кичик орол давлат ҳисобланади. Оролда дарёлар йўқ. Ягона Буада кўли эса ёмғир сувларидан пайдо бўлган. Аҳолининг кўпайиб бораётганлиги сабаб чучук сув етишмовчилиги муаммоси бор.
Науруда битта электоростанция, битта денгиз сувини тоза ичимлик сувга айлантирувчи ускуна ишлаб турибди. Қурғоқчилик вақтида тоза сув Австралиядан келтирилади.
Орол 3 минг илгари микронезиялик ва полинезиялар томонидан кашф этилган. Европаликлар келгунича бу ерда 12 та қабила яшаган. Улар 1798 йилда Янги Зеландиядан Хитойга кетаётган инглиз капитани Жон Фирн бошчилигидаги кемада келишган ва 90 йил давомида шу ерда қолиб кетишган. Оролликлар асосан кокос, пальма ва панданус етиштириб, балиқ овлаб кун кўришган.
1888 йилда Германия томонидан эгаллаб олинган. 1914 йилда эса Биринчи жаҳон урушида австралияликлар томонидан босиб олинган. Фосфоритга бой бўлган орол 1923 йилга келиб Миллатлар Лигаси ҳудудига киритилиб Буюк Британия, Австралия ва Янги Зеландия давлатлари томонидан биргаликда бошқарилган. Иккинчи жаҳон урушида Науру бир неча марта гоҳ японлар, гоҳ немислар қўлига ўтган.
Дарвоқе, ушбу оролда ҳозирда қочоқлар лагери жойлашган бўлиб, унда Афғонистон, Эрон ва ироқлик қочқинлар истиқомат қилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ таржимаси.