“Ўқиётган” муассасанинг қаерда жойлашганлигини билмай туриб ўқишни кўчириб бўлмайди
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда хорижий (жумладан, қўшни) давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш жараёни ҳақида бир ёқлама ёзилган мақола ва мурожаатлар учраб турибди. Айниқса, “иши битмаётганлигидан” нолиб, турли идораларга шикоят қилаётганлар ҳам кўпайди. Муддао равшан – амалдаги тартибни четлаб бўлса-да, бошқалар қатори талабаликка қабул қилиниш.
Бу каби қалбаки ҳужжат эгалари аслида кўрсатилган хорижий олий таълим муассасасида ўқиш тугул, унинг қаерда жойлашганлигини ҳам билмайди. Ўз шикоятларида юртимиз олий таълим муассасаларини адолатсизликда, ўқишни кўчиришни пайсалга солишда қасддан айблашмоқда-ки, бунисига энди тоқат қилиб бўлмайди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қуйидаги ҳолатларда ўқишни кўчиришга рухсат этилмаслиги белгилаб қўйилган:
- давлат аккредитациясидан ўтмаган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётганларга;
- масофавий (онлайн) таълим шаклида таҳсил олаётганларга;
- хорижда ўқиётган олий таълим муассасаси томонидан талабанинг ўқиши тўғрисидаги сўровномага салбий жавоб олинган тақдирда.
Шу билан бирга, ўқишини кўчираётган фуқаронинг паспортидаги кириш-чиқиш белгисини батафсил текшириш, мабодо муайян қўшни давлатга кириб чиқиш белгилари умуман бўлмаганда ёки фақатгина бир кунга бориб келган бўлса, шунингдек, хорижий давлатлардан ўқишни имтиҳонсиз кўчиришга рухсат бериш тўғрисидаги буйруқдан сўнг, яъни 2020 йилнинг 6 февралидан 15 мартигача чиқиб кирган бўлса (илгари бирор марта ҳам чиқмаган), бундай фуқароларни талабаликка қабул қилмаслик тўғрисида вазирликнинг топшириғи бор.
Амалдаги тартиб шуниси билан адолатлики, ўқишни кўчириш бўйича ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаган фирибгарлар билан “олди-берди” қилган фуқаролар қинғир мақсадларига эриша олмаяпти. Энди улар қай эшикка бош урмасин, аввалбошдан қинғир йўлни тутганликлари фойда бермаяпти.
Ўз навбатида, ҳар биримиз “ўқимай туриб ўқишни кўчираман”, дея хом хаёллар оғушида юрган фуқароларни бу йўлдан қайтарсак, яхши бўларди.
Самарқанд давлат университети матбуот хизмати.