Орттирилган иш стажлари инобатга олинади

Савол: Кўп йиллардан буён иккинчи гуруҳ ногиронлик пенсияси оламан. Яқинда 60 ёшга тўламан, шу сабаб ёшга доир пенсия миқдори қандай ҳисобланади? Яъни, ногиронлик пенсияси суммасиданми ёки умумий меҳнат стажидаги ойлик иш ҳақи миқдоридан ҳисобланадими?
Раҳмат ЖАВЛОНОВ,
Каттақўрғон шаҳри.
Жавоб: "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунининг 7-моддасига асосан, эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонуннинг 8-моддасига асосан, пенсия тайинлаш учун иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажига мутаносиб миқдорда тайинланади.
Ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейин фуқаро 60 ёшга тўлиб, ногиронлик пенсиясидан ёшга доир пенсияга ўтишини сўраб ариза билан мурожаат қилган тақдирда фуқарога умумий тартибда ёшга доир пенсия ҳисобланади. Ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги орттирилган иш стажлари ҳам ёшга доир пенсия тайинлашда инобатга олинади.