Осиё ва жаҳон чемпиони, пастдарғомлик дзюдочи Диёра Келдиёрова турмушга чиқди: Энди у фаолиятини тугатадими?

24 июнь куни Мўғулистонда дзюдо бўйича ўтказилган “Катта дубулға” мусобақасида 52 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган пастдарғомлик Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритди. Ҳал қилувчи беллашувда ҳамюртимиз россиялик Алеся Кузнецовага имконият қолдирмади ва “Катта дубулға” турнирининг икки карра ғолибига айланди.

У ўтган йил испаниялик Эстрелла Шерифф Лопесга қарши татамига чиқиб, ўзбекистонлик дзюдочи қизлар орасида илк бор “Катта дубулға” турнирида чемпион бўлган эди. Аҳамиятлиси, Диёра мазкур турнирда олтин медаль билан бирга, Париж-2024 Олимпия ўйинлари учун 500 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди.

Ушбу мусобақадан сўнг, Диёра кетма-кет иккита нуфузли турнирда иштирок этди. Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида амалдаги жаҳон чемпиони, япониялик Аи Шишимени биринчи дақиқадаёқ мағлубиятга учратиб, иккинчи бор Осиё чемпионлигини қўлга киритган бўлса, яқинда Туркиянинг Коня шаҳрида ўтказилган Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам олтин медалга сазовор бўлди.

Диёра Келдиёрова 1998 йилда Паст Дарғом туманининг Пўлатчи маҳалласида туғилган. 18 йилдан буён дзюдо билан шуғулланиб келади.

- Қизим иштирок этган ҳар бир мусобақани ҳаяжон билан кузатамиз, - дейди Диёранинг онаси Дилором Шарипова. – Ёшлигидан чемпион бўламан, телевизорда кўрсатишади, бутун Ўзбекистон мени олқишлайди дер эди. Мана, ниятига етди, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтариб, чемпион бўлди. Бундан бошимиз кўкка етди. Устозлари ва маҳалламиздагилар уйимизга келиб ғалаба билан табриклади ва ҳаммаси учун раҳмат айтишди. Рости, кўзимга ёш келди, бу ота-она учун фахр.



- Инсон қаерда туғилишидан, ким бўлишидан қатъий назар тинимсиз меҳнат қилиб, ўз устида ишласа, мақсадига албатта эришади, - дейди Диёра. - 6 ёшимда Хуршида Халикова қўл остида шуғулланишни бошлаганман ва у кишининг мураббийлигида 2010 йилда илк марта Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Шундан кейин мусобақаларда ғалбали юришим эвазига 2013 йилда терма жамоага қабул қилиндим. Бу ерда Нелья Киямова қўл остида машғулотларни давом эттириб, 2015 йилда жаҳон чемпиони, халқаро мусобақалар ғолиби, икки карра Осиё, икки карра “Катта дубулға” турнири чемпиони, Ислом бирдамлиги ўйинлари ғолиби бўлдим. Бу фаолиятимдаги энг яхши натижаларим. Лекин мен татамига чиққанимда натижа ҳақида эмас, юрт шаъни муҳимлигини ўйлайман. Мусобақада ғолиб бўлган спортчи шарафига аренада давлат мадҳияси янграб, юрт байроғи баланд кўтарилади. Менимча спортчи учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Диёра яқинда Ислом бирдамлиги ўйинларидан қайтгач, турмушга чиқди. Шундан сўнг, спортчи фаолиятини якунлаши ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга Диёранинг ўзи шундай изоҳ берди.

- Тўғриси, кўпчилик бу хабарни эшитгач, фаолиятингизни тугатдингизми, деб сўради. Дзюдо ҳаётимга айланган, фаолиятимни ҳали тугатмайман. Қолаверса, турмуш ўртоғим Азамат Матёқубов ҳам дзюдочи. У киши билан машғулотларни биргаликда олиб борамиз. Олдинда Париж-2024 олимпия ўйинлари мусобақаси турибди. Ушбу нуфузли мусобақада ҳам ғолиб бўлишни мақсад қилганман, - дейди Диёра.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.