Ота-онамнинг телефони бўлишни хоҳлайман
#Бўлган_воқеа
Бу воқеа мактаб ўқитувчиси оиласида содир бўлган. Ҳаммаси рус тили ва адабиёти ўқитувчиси уйига келиб, уйга вазифаларни текшириш учун дафтарни очганда содир бўлди. У бошини маҳкам ушлаб олди, бутун вужудини аллақандай ҳис-туйғулар қамраб олганди. У кўз ёшларини тиёлмас, бир сўз ҳам айтолмас, гўё вақт тўхтаб қолгандек эди. Ёнидаги турмуш ўртоғи ҳеч нарсадан бехабардек телефони билан банд, уни бошқа нарса чалғита олмасди. Бошини кўтариб аёлининг ҳолатини кўрса-да, “нима бўляпти”, дея савол ҳам бермасди.
Бироздан сўнг гаджетдан кўзини узиб, хотинининг аҳволидан таажжубланди ва сабабини сўради. Йиғлаган кўзлари билан эрига қараб, ўқувчиларнинг “Менинг ички орзуим” мавзусидаги кичик иншоларидан бири унинг қалбини ларзага солганини айтди.
Турмуш ўртоғи ҳайратланиб, аёлининг шунчалик таъсирланганига нима сабаб бўлганини сўради.
Аёл сўнгги иншо унинг бутун оламини остин-устун қилганини айтди. Ниҳоят, турмуш ўртоғи телефонини четга суриб, батафсилроқ сўзлаб беришини илтимос қилди. Унинг юзида ҳаяжон пайдо бўлганди. У аёлининг бу аҳволга тушишига сабаб бўлган иншога қизиқиб қолди ва уни ўқиб беришини илтимос қилди.
Иншо қуйидагича ёзилган эди: "Менинг орзуим ота-онамнинг телефони бўлиш! Онам ва отам телефонларини жуда яхши кўришади, бу уларнинг севимли қурилмасидир, улар кўп вақтини у билан ўтказадилар, улар ҳамма нарсани у билан бўлишганини кўраман.
Мен билан суҳбатлашиш уларга унчалик завқ бағишламайди, ҳатто улар мени бир неча соат пайқамаслиги мумкин. Отамдан мен билан бирон ўйин ўйнашни сўрасам, фақат бугун эмас, чунки бугун оғир кун бўлганини ва у жуда чарчаганини айтади. Лекин мен уни телефонини қандай қўлига олганини ва у билан барча чарчоқларини йўқотишини, ҳатто соатлаб шундай ўтириши мумкинлигини кўраман. Онам ўз иши билан банд вақтида уни бир соатдан зиёдроқ кутганимни билади ва у менга бироз вақтини ажратади. Аммо қўққисдан бўлган телефон қўнғироғи яна мен ҳақимда унутишига сабаб бўлади. Йиғласам ҳам у суҳбатини тугатмайди. Ота-онам ўқишади, ўйин ўйнайди, телефонига ғамхўрлик қилишади ва уни қадрлашади. Менинг улар билан бирга бўлмоқчи бўлган истагимни пайқашмайдилар ҳам, чунки уларнинг мендан ҳам муҳимроқ нарсаси - телефони бор. Шунинг учун мен севимли ота-онамни ёнида бўлиш учун телефон бўлишни хоҳлайман".
Аёли ўқиб бўлиб турмуш ўртоғига қаради. У бундай бўлишини кутмаганди. Унинг изтиробли кўзларида кичкина болага нисбатан қайғуриш ҳисси бор эди. Хўжайини аёлига қараб: "Ҳозир мен ўша болани бағримга босишни хоҳлайман", деди. Аёли кўз ёшдан қизарган кўзларини кўтариб: "Сен ҳозирнинг ўзида буни қилишинг мумкин - буни бизнинг ўғлимиз ёзган!", деб жавоб берди.
Наталья Радионовна.
Рус тилидан Муниса Шамсиева таржимаси.