Оталар сўзи – ақлнинг кўзи
Сўзда сеҳр, жозиба бор. Унинг сеҳри шу даражадаки, кишини лол қилиши, ҳайратга солиши, ранжитиши, хурсанд ё хафа қилиши, касалликка мубтало этиши ёки аксинча беморни оёққа турғазиб юбориши ҳеч гапмас. Инсон у ёки бу кишилар билан муносабатга киришар экан, муомаласини сўз воситасида ифода қилади. Бундан бошқа воситалар сўздек тугал мазмун касб этмайди.
Сўзнинг сеҳр кучи оталар айтадиган сўзларда мужассам. Ота-боболаримиз катта ҳаёт тажрибасига, кўникма ва маҳоратга эга бўлиб, уларнинг нақлу ҳикматлари манбаларда учрайвермайди. Масалан, “Камни берсанг ҳам ғамни берма”, “Қадам етди, бало етмасин”, “Омонлик, тугаллик бўлсин, серризқ-сердавлат бўлсин” каби тилаклар кафтлар дуога очилганда айтилади. Оппоқ соқоли кўксига қадар тушган нуроний боболаримиз қаерда бўлишмасин, илоҳийликка йўғрилган, қалбга аллақандай сурур, сокинлик, ҳаловат индирадиган шу каби сўзларни кўп айтишади. Биз, дуоталаб фарзандлар ҳам бирор ишга киришишдан аввал ё бирор жойга боришдан олдин кексаларимиздан дуо қилишларини сўраймиз. Нега? Негаки, нуроний боболар тилаги ижобат бўлишига ишонамиз. Айни шу тилакларнинг руҳи ва нури сўнмаслигини, улар доимий илоҳийликка қоришгани, шунчаки тил учида айланадиган сўзлар эмас, балки дил тубидан отилиб чиқадиган улуғ каломлар эканини ҳам англаймиз.
Ота-боболарнинг шу пайтга қадар турмуш ва ижтимоий ҳаётда қўллаб келган олтинга тенг ҳикмат, нақл, мақоллари борки, бугунги кунда улар маданий қадриятимизнинг бир бўлагига, халқ оғзаки ижодиётининг ноёб намуналарига айланиб улгурган. Азалдан шарқ донишмандлик ўчоғи бўлиб келган, айни шу қутб фалсафаси одамийлик илми борасида мукаммалликка эга. Бинобарин, бугунги кунларга қадар донишмандлик рутбасига эга бўлган ота-боболар ўз фарзандларини ҳам мана шу мақомда, руҳда тарбиялаганлар. Ориятлик, мардлик, жасорат бобида ўрнак бўлганлар, андиша, тавозе, ҳалол-ҳаромдан сабоқ берганлар. Бунда сўз бирламчи роль ўйнаган, албатта. Аммо бугун тараққий этиб бораётган жамиятда биз техника кашфиётларига сеҳрланиб қолганимиз учун ҳам қалбга руҳ ва нур индирадиган, чин инсонийлик сабоқларини берадиган, асл ҳаёт фалсафаси саналган ана шу нодир дурдоналардан узоқлашаётгандекмиз. Қадимий ва бебаҳо ҳисобланган ота-боболаримиз сўзларини унутиб бормоқдамиз. Халқ ҳикматлари, халқ мақолларини ўқимай қўйдик. Китобдан тобора узоқлашиб, интернет асирига айландик. Аксарият вақтимиз ҳам виртуал оламда кечаётир. Оқибат-чи?
Энди дўппини бир жойга қўйиб, фикрлаш фурсати келди. Тафаккур қилайлик, танамизга ўйлаб олайлик. Асрий қадриятларимиз, дурдоналарга тенг маънавий бойликларимиз - ҳикмату фалсафалар кони бўлмиш халқ сўзларига яна қайтайлик. Ўқийлик, ёд олайлик. Ахир, сўз нафаси билан улғайдик, сўз нафаси билан камолга етаётирмиз. Ҳар биримиз ўз сўзимизга эга бўлишимиз учун ҳам мозийга назар солайлик. Оталар сўзининг салмоғи оғир. Оталар сўзининг мағзи тўқ. Оталар сўзининг умри боқий. Ахир бежизга «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” дейишмаган-да.
Умид Кўчимов,
Ургут туманидаги 98-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.