Отамни тирик кўргандай бўлдим

“Зарафшон” газетаси таҳририятидан қўл телефонимга қўнғироқ қилиб, “Хотира тадбири ўтказяпмиз, таҳририятнинг ярим ходимлари дадангизнинг шогирдлари, келинг”, дейишганда, очиғи, одатдагидек оддий тадбир бўлса керак, деб ўйлагандим.
“Никоҳ уйи”да ишлайман, ўз-ўзидан вақтим жуда кам бўлади. Борсамми ё бормасамми, деган иккиланиш ўтди хаёлимдан. Аммо қўнғироқ қилган мухбирнинг “...дадангизнинг шогирдлари” деган гапи қулоғимда жаранглаб тургани боис ишимни тез якунладим-да таҳририятга шошилдим. Аммо ишга бирров борганим ўз таъсирини кўрсатди: бироз кечикиб тадбирга келдим.
Газета бош муҳаррири Фармон Тошев “Зарафшон” чоп этила бошлаганидан буён ўтган 109 йил давомида ушбу нашрга муҳаррирлик қилган инсонларни бирма-бир санаб ўтди, уларнинг фидойилиги, жасорати ҳақида тўлқинланиб гапирди. Улар орасида отам – Холмуҳаммад Нуруллаев ҳам борлигидан қувониб кетдим. Отам 1997-1998 йилларда “Зарафшон”да бош муҳаррир бўлиб ишлаганлар. Афсуски, 2006 йилда бевақт вафот этганлар.
Кўз олдимга ёшлигимда отам билан кечган хотиралар, айтган гаплари келди. Ўшанда, адашмасам, 2005 йилда, отам Ургут тумани ҳокими эди: “Зарафшон”да кечган йилларим қадри вақт ўтган сари мен учун ошиб боряпти, - деганди. - Зеро, оппоқ қоғозу боши чайналган қалам билан бу ҳаётдан кўп нарса топдим. Тоза дўстлар, чала меҳр оғайнилар, Самарқанд пасту баландларини англаш... майли булар ҳам керак. Лекин энг муҳими, бу табаррук даргоҳ менга дунёга уйғоқ ва ҳушёр, гул деб тиканнинг устига оёқ босмаслик назари билан қарашдан сабоқ берди. Ҳаётимда “Сабоқ - хулоса - ҳосила” занжирини яратди. Мен бугун “Зарафшон” даргоҳидан бир қадам берида кечган 11 йиллик умр - иш - ҳаёт йўлимдан нолимайман, асло, беадад шукр. Зеро, бу катта йўл остонаси ҳам “Зарафшон”да қўйилганидан миннатдорман. 15 ой бу табаррук газетаси бош муҳаррирлиги насиб этгани нур устига ўзимга яраша тахаллусим монанд Нур бўлди, деб ўйлайман”.
Тадбирнинг якуний қисмида мен учун яна бир ҳаяжонли ҳолат бўлди. Эсдалик сифатида тадбир иштирокчиларига сурат туширилган товоқ ва таҳририят ҳисобидан чоп этилган китоблар тақдим этиб бошлашди. Менга тақдим этилган товоққа назар ташлар эканман, унда отамнинг ўшанда менга айтган гапидаги ҳолати муҳрланган сурати акс этганини кўриб, юрагим ҳапқириб кетди.
Тадбир ташкилотчиларига қандай миннатдорлик билдиришимни, нима деб қувончимни изҳор этишни билмадим. Ҳоким ёки амалдор (отам вилоят ҳокимлигида ҳам юқори лавозимларда ишлаган)нинг эмас, мен журналистнинг қизи эканимдан бахтиёрман, деб атрофга жар солгудай ҳаяжон билан табаррук даргоҳдан чиқдим.
Ортга қарасам, иш-иш, деб отам ишлаган таҳририятга анчадан буён келмабман. “Отангнинг руҳини шод қилай, десанг, уларнинг дўстларини зиёрат қил”, дейилади муқаддас китобларда. Отамнинг пок хотирасини ёд этган, ҳали-ҳануз устоз, дея алқаётган таҳририят ходимларини мен ҳам қадрлайман, энди отамнинг излари қолган қутлуғ даргоҳга тез-тез келаман. Таҳририят ташкил қилган матбуот музейига отамнинг журналистлик фаолияти билан боғлиқ ашёларни ҳам олиб келишни дилимга тугиб қўйдим.
Шоҳиста Нуруллаева.