Ўткир Ҳошимов: “Китобхони йўқ асар эгаси ташлаб кетган ҳовлига ўхшайди”

Болта – қотил қўлида ўлим, ўтинчи қўлида меҳнат, ҳунарманд қўлида санъат қуроли.

Қалам – ҳасадгўй қўлида ўлим, саводхон қўлида меҳнат истеъдод қўлида санъат қуролидир.

Ўткир Ҳошимов ўзбек адабиётида Абдулла Қодирий ва Саид Аҳмад каби “проза шоирлари”нинг кенжа авлоди ҳисобланади. У эпик тур  ривожидаги хизматлари эвазига “сўз заргари” деган номга мушарраф бўлган. Бир қатор ҳикоя, қисса ва романлари, адабий-бадиий сабоқлари билан адабиётимизда ёрқин из қолдирган кенг мушоҳадали, донишманд ёзувчидир.

Адиб биз учун катта адабий-бадиий мерос қолдирди. Ярим аср давомида радио ва теледастурларда ўзининг долзарб мавзулардаги маънавий, публицистик, бадиий чиқишлари билан халқимиз эътирофига сазовор бўлди. Унинг “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Деҳқоннинг бир туни” ҳикоялари, “Чўл ҳавоси”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Шамол эсаверади”, “Одамлар нима деркин”, “Баҳор қайтмайди”, “Дунёнинг ишлари” қиссалари, “Нур борки, соя бор”, “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар” романлари, “Тўйлар муборак”, “Инсон садоқати” каби драматик асарлари эса халқимизнинг қалб тўридан жой эгаллаган.

Ўткир Ҳошимов асарлари бадиияти ҳамон оддий китобхондан тортиб, адабиётшунос, мунаққид олимларгача ўзига мафтун этиб келмоқда. Ёш иқтидорли ёзувчилар учун эса маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда. Ёзувчи назарида “Асарнинг ҳақиқий эгаси ёзувчи эмас. Асарнинг ҳақиқий эгаси – ўқувчи! Китобхони йўқ асар эгаси ташлаб кетган ҳовлига ўхшайди...” (“Дафтар ҳошиясидаги битиклар”). Адиб қурган “уй”да эса янги-янги авлодлар яшаб келмоқда, ўзларига маънавий паноҳ олмоқда.

Ўткир Ҳошимов Эрнест Хеменгуэй айтганидай, ёзувчи учун етарли бўлган “озгина истеъдод ва бахтсиз болалик” туҳфасидан бенасиб қолмади. У меҳнат фаолиятини мактаб таълимидан кейин олий таълим таҳсили билан эмас, рўзғорнинг моддий таъминотини тиклашдан бошлади. Мазкур ҳаёт ташвишлари, оғир меҳнат машаққатлари ёзувчини ҳар томонлама тоблади. Унинг қалбида “инсон изтиробларига таъзим” ҳиссини уйғотди. Одамлар назаридан ташқаридаги инсонлар қисмати, яъни қувонч-ташвишлари, хато ва камчиликлари бўлажак адибнинг ўй-кечинмаларига мустаҳкам ўрнашиб олди. 

Машаққатли меҳнат билан машғул бўлган замондошлари дарду ҳасратлари билан қизиққан ёзувчи ижодини публицистикадан бошлади. Бу борадаги хизматлари ҳосиласи сифатида 1962 йилда “Пўлат чавандоз” номли очерклар тўпламини нашр эттирди. Адиб орадан кўп фурсат ўтмай “Чўл ҳавоси” қиссаси билан республикамизга танилди. Эътиборлиси, бу қиссага машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳор хат орқали илиқ муносабат билдирди. “Ўткир! “Чўл ҳавоси”ни ўқиб суюниб кетдим. Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади, қисса жуда соф, самимий, илиқ, табиий, роҳат билан ўқилади”, деб ёш ёзувчига катта далда берди, эътироф этди.

“Баҳор қайтмайди”  ёзувчининг қиссачиликдаги дастлабки ютуғи ҳисобланади. Табиийки, китоб етмишинчи йилларнинг энг беллетеристик асари  ҳисобланган. Қиссада худбинлик, ўзига ортиқча бино қўйиш, келажагини кўра олмаслик даражасидаги ғурур Алимардон Тўраевни фожиага бошлаган бўлса, Муқаддамни бойликка бўлган ғайритабиий интилиши соф муҳаббатидан – Анваридан жудо қилади.

Абдулла Қаҳҳор адабиётни касб эмас, ҳунар, деб бежиз айтмаган. Касб – тирикчилик йўлида ҳар куни такрорланиб турадиган меҳнат бўлса, ҳунар  бири иккинчисидан гўзалроқ яратиладиган санъат асаридир. Ҳақиқатан ҳам, Ўткир Ҳошимовнинг асардан асарга ўсиб борганлигини унинг қиссалари мисолида кўриш мумкин. Сўзимиз исботи сифатида таъкидлаш мумкинки, ёзувчи бор иқтидорини, сўзнинг сеҳрини, тилнинг жозибадорлигини “Дунёнинг ишлари” қиссасида тўлиқ намоён эта олган. Ёзувчи кўзлаган бадиий ғоя – давр ғоясига, фалсафий мушоҳадалари – ҳикмат даражасига кўтарилган. Характерлар одоб-ахлоқи, умуминсоний қарашлари билан асар қимматини икки ҳисса оширган.

Қисса автобиографик характердаги асар эканлигини Ўткир Ҳошимов ўзининг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” ва бир қанча суҳбатларида эслатиб ўтади. Фарзанднинг, айниқса ўғил фарзанднинг она олдидаги бурчи битмас-туганмас эканлиги барчага маълум. Шундай экан, ёзувчининг “Дунёнинг ишлари”даги онаси фарзандларнинг онаси тимсолига айланиб қолди.

 “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида бир ҳаёт ҳикмати келтирилади: “Болта билан қалам бир-бирига ўхшайдиган буюмлар эмас. Аммо хизмати жиҳатидан анчайин яқин туради.

Болта – қотил қўлида ўлим қуроли. Ўтинчи қўлида меҳнат қуроли. Ҳунарманд қўлида санъат қуроли.

Қалам – ҳасадгўй қўлида ўлим қуроли. Саводхон қўлида меҳнат қуроли. Истеъдод қўлида санъат қуроли”.

Ўткир Ҳошимов ҳам ўз ижодий фаолиятида қаламни санъат қуроли сифатида кўрди. “Ўқувчига айтадиган дарди кучли бўлганлиги боис ҳам” бу қалам остидан чиққан бадиий кашфиётлар тили, бадиийлиги, ғояси билан ҳамон эл корига яраб келмоқда.

Акрам Тошпўлатов,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.