Ўткир Тошев ким эди?
Ўткир билан ҳамёшмиз, маҳалладошмиз, бир мактабда ўқиганмиз. Боболаримизнинг исмлари Тош бўлган. Бири хўжалик раиси, бири уста эди. Кўпчилик буни билмагани учун бизни қариндош деб ўйлайди. Икковимизнинг отамиз ҳам бир умр ўқитувчилик қилган.
Мактабдалигидаёқ Ўткирга, унинг ғайратига ҳавас қилганмиз. Бунинг устига Тошкент политехника институти Навоий филиалига ўқишга киргач, ҳарбий хизматдан янгича куч-ғайрат ва дунёқараш билан келди. Дарвоқе, ҳарбийда топган суюклиси Тожиҳол Сапарниёзова билан турмуш қурди. Институтнинг охирги курсини Тошкентда битириши жараёнида Ўткир Бобомуродович жуда катта тажрибага эга бўлди. Таниқли технологлар, касб мутахассислари билан яқинлашди, улардан ўрганди. Натижада Зиёвуддин қўрғонида бундан 100 йил аввал қурилган сут заводига директор бўлиб, уни замонавий ишлаб чиқариш корхонаси даражасига кўтара олди. Туркман келин доимо Ўткирнинг ёнида бўлди, уни қўллаб-қувватлади.
Ўткир бир жойда узоқ вақт ўтирадиган, тўхтаб турадиган йигит эмас эди. Ана шу фазилати билан етти ака-укага сарбонлик қилди. Ҳатто, охирги пайтларда Бобомурод муаллим ҳам ўғлидан маслаҳат сўрайдиган, унинг таклифларига қўшиладиган бўлди. Туманда биринчи бўлиб хусусий корхона, хусусий меҳмонхона очди. Кейинчалик чорвачилик фермер хўжалиги, ғишт заводи ташкил этди. Пахтачиликлар бундай ғайрат-шижоатни ҳалигача фахрланиб эслашади. Дарвоқе, у бир муддат Навоий вилоят гўшт-сут саноати идорасини бошқарди.
Ў.Тошевнинг Тошкентдаги фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Негаки, вақтини беҳуда ўтказмади. Олимлар, янги замон фидойилари, таниқли ишбилармонлар даврасида юрди. Шу сабабли оиласида ҳам маърифий, ишбилармонлик муҳити юзага келди. Пойтахтдай жойда катта савдо маркази қилиш, меҳмонхона ва аквапарк қуриш осон иш эмас. У хитойлик ишбилармонлар билан ана шу вазифани уддалади. Натижада раҳбарият унга Навоий ва Самарқанд шаҳарларида ҳам ана шундай чўмилиш ҳавзалари қуришни топширди. Бу ишни у ўз вақтида уддалади.
Бу ғайратли тадбиркор Президент топшириғига кўра "Буюк ипак йўли" лойиҳаси асосида “Тошкент – Бухоро” йўли ёқасида меҳмонхона, автокемпинг, 100 ишчи ўринли ёғ-мой корхонаси барпо этди.
Самарқанддаги қурилишлар чоғида мен Ўткирнинг масъулиятини, иш тутумини кўриб ҳавас қилганман. Ҳар бир мих ҳисобда, ҳар бир юмушнинг сифати назоратда, ҳар бир ходимнинг фаолияти эътиборда. Очиғи, буни ҳар ким ҳам уддалай олмайди.
Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, унинг қўлида ишлаганлар доимо ишидан, олаётган маошидан рози бўлиб юришарди. Айтгандай, Ўткирнинг яна бир хизматини таъкидлаш лозим. У қаерда, нима иш бажармасин, доимо ўзи таниган, ҳалол тарбия кўрган пахтачилик йигит-қизларни ёнига олди. Ўқимаганларни ўқитди, ўқиганларини яхши мутахассис қилиб тарбиялади. Шунинг учун ҳам Пахтачининг қайси қишлоғига борманг, унинг шаънига раҳматлар айтишади.
Ўткир Тошев ҳаёт бўлганида 70 ёшга тўлар эди. Минг афсуски, коронавирус деган балою офат уни орамиздан барвақт олиб кетди. Лекин ҳалигача мен туманга борганимда қайси даврада ўтирмай, албатта Ўткирнинг номини, унинг оғайниларига, туман аҳлига қилган хизматини алоҳида эслашади. Бундай беминнат дуолар дўстимиз хотирасини қалбимизга йилдан-йилга маҳкамроқ муҳрлаб боради.
Фармон ТОШЕВ.