Ўз соҳасининг билимдони, жонкуяри эди

Самарқанд вилояти ветеринария бошқармаси бошлиғи, соҳада узоқ ва самарали меҳнат қилган Элмурод Тошмуратов бахтсиз воқеа туфайли вафот этди.

Э.Тошмуратов 1973 йилда Паст Дарғом туманида туғилди. 1990 йилда ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтига ўқишга кирди.

1995 йилда институтни ветеринария врачи мутахассислиги бўйича тугатгач, меҳнат фаолиятини Паст Дарғом туманидаги “Паст Дарғом” ижара хўжалиги ветеринария санитарлигидан бошлади.

Шундан кейин туман ветеринария бўлими ветеринар врачи, ветврач-серологи, ветеринария лабораторияси директори, туман ветеринария бўлими бошлиғи бўлиб ишлади. Бу вақт оралиғида ветеринария соҳасидаги билимларини амалиётга кенг қўллади ва катта тажриба тўплади.

Элмурод Тошмуратовнинг чорвачилик, ветеринария тизимидаги билим ва кўникмалари, орттирган салоҳияти, шунингдек, раҳбарлик қобилиятини ҳисобга олиб, 2013 йилда уни Самарқанд вилояти давлат ветеринария бошқармаси бошлиғи лавозимига лойиқ кўришди. Элмурод ака шу пайтга қадар бу лавозимда баҳоли қудрат ишлаб, соҳага янгиликлар киритди, ветеринариянинг замонавий услуб ва амалиётини тармоққа жорий этди.

Элмурод Амирович  қайси лавозимда ишламасин, ўзини малакали мутахассис,  ўз  касбини севадиган ва соҳаси бўйича такомил билимларга эга бўлган, замонавий ветеринарияни мукаммал ўзлаштириб олган, соҳада етарлича тажриба ва кўникмалар орттирган раҳбар сифатида кўрсатиб келди.

Э.Тошмуратов яхши оила бошлиғи, фарзандлари тарбиясига ўта жиддий қарайдиган, Ватанга, жамоасига содиқ ва фидойи инсон эди.

Бутун умрини ветеринария ва чорвачиликни ривожлантиришга бағишлаган фидойи инсон Элмурод Тошмуратовнинг номи, қилган ишлари оиласи, яқинлари ва дўстлари қалбида абадий сақланиб қолади.