Ўз ватанидан кўра кўпроқ бошқа мамлакатларда яшайдиган халқлар
Тарихан шундай бўлганки, баъзи халқлар вакиллари ўз уйидан кўра чет элларда кўпроқ яшайди. Бугун қайси халқлар, нима учун бошқа жойда яшаши ва бу ҳол нима сабабдан содир бўлганлиги тўғрисида батафсил сўз юритамиз.
Яҳудийлар
Тарихий ватанлари Исроилда бор-йўғи 6,7 миллион яҳудий истиқомат қилади, уларнинг умумий сони эса 15 миллионга яқин. Яҳудийларнинг қўшимча диаспораси АҚШ ва Ғарбий Европада яшайди ва ҳозирча уларнинг ҳеч қаерга кетиш нияти йўқ.
Бутун дунёда яҳудийлар диаспораси қадим замонлардан “галут” (“тарқалганлар”) деб номланиб келган. “Галут сиртмоғи”ни англатадиган бу сўз айниқса яҳудийлар орасида жуда оғриқли ва яхши таасcуротга эга эмас.
Тахминан икки минг йил олдин римликлар уларга қарши исён кўтарган Яҳудия давлатини тор-мор этиб, Қуддусни вайрон қилган ва яҳудийларга ўз ватанига яшашни ҳам тақиқлаганларида улар турли жойларга кўчиб кетиб, у ерларда ўрнашиб олишга мажбур бўлган. Шу тарзда Исроил халқи бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган.
Арманлар
Ҳинд-европа тиллари оиласининг махсус тармоғига мансуб халқни “захирадаги яҳудийлар” ҳам дейишади. Арманистоннинг ўзида атиги 3 миллион атрофида, дунёнинг бошқа мамлакатларида эса уларнинг сони 12 миллионга яқин бўлиши мумкин. Арман диаспорасини хорижда “спюрк” (жамоа) деб аташади.
Арманлар салжуқий туркларнинг зарбаси остида қудратли Ани қироллиги ағдарилганидан сўнг, XI асрдан бошлаб ўз ватанларини тарк этиб, жамоага қараб оқа бошлаганлар.
1915 йилда туркларнинг арманларга қарши уюштирган геноциди Ғарбий арманистонликларни қочишга мажбур қилди. 1990-2000 йиллардаги иқтисодий вазият туфайли Арманистон аҳолисининг катта қисми ўз юртини тарк этди.
Ливанликлар
Бу семит халқи Ливанда бор-йўғи 4 миллион кишини ифодалайди. Уларнинг 10 миллионгача бўлгани эса чет элда яшайди. Бунга сабаб – мамлакатнинг ўзидаги доимий фуқаролар урушлари, тартибсизликлар, иқтисодий нотинчликлар. Ливанни дастлаб қувғинга учраган маҳаллий насронийлар тарк этди, бошқалар эса Америка, Ғарбий Европа мамлакатларига қараб уларга эргашди.
Қизиғи, Бразилияда 7 миллионга яқин ливанлик яшайди. Улар бу ерга XX аср бошларида Жанубий Американинг бу мамлакати гуллаб-яшнаган пайтида кўчиб келган.
Инглизлар
Бугунги кунда Англияда бу герман этник гуруҳининг 50 миллионга яқин вакили истиқомат қиладиган бўлса, чет элда улар 100 миллион кишини ташкил этиб, кўп ҳолларда улар “оқ Англо-сакс протестанлари” (white anlgo-saxon protestans - WASP) деб тавсифланади.
XVI-XX асрларда WASP кўпинча оғир турмуш шароити, диний таъқиблар ёки оддийгина бойликка интилиш туфайли Шимолий Америка, Австралия, Янги Зеландия ва Жанубий Африка бўйлаб кенг тарқалган. Бугунги кунда улар орасида ўзларини Англия билан боғлайдиганлари кам.
***
Афсуски, тақдир тақозоси баъзи халқларнинг ўз ватанида эмас, бошқа жойларда тинчини топиб, кўпчилик асрлар давомида шундай сургун қилинган кишига айланиб қолишига мажбур қилган.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.