“Ўзбегим ўғлидурман, тожигим гуфто писар”

Кўпчиликка ёд бўлиб кетган бу сатрлар ўзбек ва тожик адабиётининг йирик вакили, таниқли шоир, журналист Ўлмас Жамол қаламига мансуб.

Ўзбек ва тожик халқларининг ардоқли фарзанди, ғазалхон шоири ҳаёт бўлганида бугун 90 ёшга тўларди. Сана муносабати билан Ўлмас Жамол туғилиб ўсган Ургут туманида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон ва Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, адабиётшунос олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, шоирнинг оила аъзолари ва яқинлари, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

Дастлаб шоир яшаган хонадонда Ўлмас Жамол ёд этилиб, унинг ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Уй эшиги ёнида шоир ҳақида маълумот берувчи лавҳ ўрнатилди.

Шундан сўнг туманнинг Мерганча массивида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигида бунёд этилган 154-умумтаълим мактабида адабий-маърифий кеча ўтказилди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, журналист, ёзувчи ва шоир Фармон Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Хосият Бобомуродова, “Ватандошлар” жамоат фонди раиси Одилжон Сатторов, Тожикистондаги “Халқ овози” газетаси бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманнонзода ва бошқалар Ўлмас Жамолнинг адабиёт, ўзбек ва тожик шеърияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди, шоирнинг икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини эътироф этди.

– Ўлмас Жамол Ўзбекистонда туғилиб, Тожикистонда камол топди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов. – Шу боис у бир умр ўз ижодида икки халқни, дўстлик ва яқин қўшничиликни тараннум этди. Тошкент ва Душанбе нашриётларида шоирнинг ўндан ортиқ китоблари чоп этилган. Ўлмас Жамол “Тожикистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони, “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Шунингдек, Абулқосим Лоҳутий номидаги мукофот лауреати. Шоирнинг шеърлари ҳамон ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги абадий ва азалий дўстликнинг муқаддас мадҳияси бўлиб жарангламоқда. Икки миллат адабиётининг таниқли вакили бўлган Ўлмас Жамол “икки чаман булбули”, “ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги кўприк” каби сифатлар билан таърифланади.

Тадбирда Самарқанд давлат университети Ургут филиали талабалари ва 154-мактаб ўқувчилари томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди. Ўзбекистон ва тожикистонлик санъаткорлар томонидан хонандалар Ўлмас Жамол шеърлари асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди.