Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабалари Финландияда таълим олади
Институт ректори Шаҳзода Негматова бошчилигидаги делегация айни кунларда Финландиянинг Турку университетида бўлиб, мазкур университетнинг илмий ишлар бўйича биринчи проректори Калле Антти Суоминен ва бошқа бир қатор масъуллар билан учрашув ўтказди.
Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, хусусан, талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш ва магистратура, докторантура босқичида таълим интеграциялашувини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
- Кўнгги вақтларда таълимда фин тажрибасини қўллаш, Финландия стандартлари асосида дарсликлар яратиш каби масалалар бизда ҳам кўп тилга олиняпти, - дейди Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ректори Шаҳзода Негматова. - Биз Финландия таълим тажрибасини ўрганиб, мос жиҳатларини таҳлил қилган ҳолда педагогик амалиётга жорий этиш ва шу орқали таълим тизимимизни янгилаш ниятидамиз. Тўғри, бу анча мураккаб жараён, лекин ҳамкорликда олиб бораётган лойиҳаларимиз тез орада ўз самарасини беради.
Калле Антти Суоминен икки тарафлама ҳамкорликдан мамнун эканлигини, бу Турку университетининг халқаро алоқалари учун муҳим аҳамият касб этишини ва ҳар қандай ёрдамга тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, мулоқот давомида Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабалари ва тадқиқотчилари учун грантлар ва стажировкалар ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ахборот хизмати.