Ўзбекистон-Жанубий Корея таълими: Илмий алоқалар кенгаймоқда

Самарқанд давлат чет тиллар институтининг корейс филологияси кафедраси ва Кореянинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга кенгайиб бормоқда.

Дастлаб 2001 йилда кореялик профессор Ким Ин Те ташаббуси билан Самарқанд давлат чет тиллар институтида корейс филологияси факультети ташкил қилинди.

Кореядан кўнгилли бўлиб келган профессор-ўқитувчилардан Ким Ин Те, Чо Юн Хи, Пак Сан Хо, Пак Чонг Э, И Чон Ги, И Мин Жонг, Пек Ким Ран, Им Жонг Ин, Ким Ми Хва, Квонг Дон Жин ва Че Хён До факультет талабаларига нафақат корейс тилини, балки Корея тарихи, географияси, маданияти каби фанларидан таълим беришган.

Ўтган давр мобайнида институт ўқитувчиларининг ва тадқиқотчиларнинг Корея Республикасидаги етакчи олийгоҳларида малака ошириб келиши, талабаларнинг ўз ўқишларини Корея университетларида давом эттириши анъанага айланди.

Институтда таълим жараёнида хорижда ўрганиб келинган таълим методларидан фойдаланилмоқда.

Бугунги кунда корейс филологияси кафедраси Жанубий Кореянинг 15 та университети билан илмий ҳамкорлик қилмоқда.

Ирода БАЁНХОНОВА,
СамДЧТИ корейс филологияси кафедраси мудири.