Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси “Сирдарёга ННТлар ёрдами” акциясини эълон қилди
Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, сув тошқини келиб чиққанлиги сабабли кўплаб аҳоли бошпанасиз қолди. Сирдарёлик юртдошларимиз бошига тушган бу ташвиш бутун Ўзбекистон халқини ташвишга солди.
Президентимиз бошчилигида ушбу табиий офат оқибатларини бартараф қилиш ҳамда бошпанасиз қолган ва талафотдан зарар кўрган аҳолини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тезкор ва шиддатли чора-тадбирлар, хайрли ишларни ибрат сифатида эътироф этяпмиз.
Ўзбекистондаги барча нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам ушбу хайрли ишларда фаол иштирок этмоқда. Зеро, халқимиз бошига тушган оғир синовли кунларда одамлар дардига шерик бўлиш, уларга ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон “Қизил ярим ой” жамияти, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар ассоциацияси, “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамоат фонди, “Луқмони Ҳаким” ННТ акциянинг бош ҳамкорлари сифатида ташаббус билан чиқмоқда.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциациясининг “Сирдарёга ННТлар ёрдами” акцияси доирасида асосан 3 турдаги ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган:
1) Натура кўринишида (бунда, Сирдарё вилоятида табиий офатдан зарар кўрган аҳолига хайрия сифатида йиғилган кийим-кечаклар, кўрпа-тўшак ва чойшаблар, озиқ-овқат маҳсулотлари, хўжалик буюмлари, гигиеник воситалар ва дори-дармонларни етказиш).
Ушбу йўналишдаги хайриялар Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Тошкент шаҳар бўлимида тўпланади ва мунтазам равишда жойларга етказилади.
Масъуллар: ЎзННТМАнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси бош координатори Мавлянова Дилдора Хайдаровна (телефон рақами: 90-903-97-01), ҳамда ЎзННТМА ижро девони хўжалик бўлими мудири Селямиев Халит Джеватович (телефон рақами: 90-345-90-26).
2) Пўл кўринишидаги ёрдам (пул кўчириш орқали қилинадиган хайру эҳсонлар ЎзННТМАнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош координатори Мамарахимов Шавкат Ўроловичнинг ҳисобрақами ва пластик картасида тўпланади ва шакллантирилган рўйхат асосида муҳтожларга тақсимланади).
Масъуллар: ЎзННТМАнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош координатори Мамараҳимов Шавкат Ўролович (телефон рақами: 91-621-29-91; 97-276-00-65). Пластик картаси рақами: 8600 0609 2557 0534 ЎзННТҚҚЖФ бошқаруви раиси Халилов Самандар Абдурашидович (телефон рақами: 90-128-28-82).
3) Ташкилий, маънавий-руҳий (психологик) ёрдам (фаол кўнгиллилардан ташкил топадиган гуруҳлар хайру эҳсон сифатида йиғилган кийим-кечак, кўрпа-тўшак, хўжалик буюмлари, дори-дармонларни, пул маблағларини табиий офатлардан зарар кўрган оилаларга етказишга кўмаклашади ҳамда ушбу оилалар аъзоларига керакли маслаҳатлар ва психологик ёрдамлар кўрсатилади).
Масъуллар: ЎзННТМА ижро девонининг Аёллар, ёшлар, таълим ва бандлик соҳаларидаги ННТлар фаоллигини ошириш масалалари бўйича бош консультанти Бобомуродова Муҳаббат Садуллаевна (телефон рақами: 97-266-47-74) ҳамда ЎзННТМА Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси бош координатори Камалова Назифа Мирзалиевна (телефон рақами: 91-564-81-81).