Ўзбекистон ОТМлари дунё рейтингларида қандай ўрин олган?
Айни пайтда мамлакатимизда 159 та олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда (беш йил аввалгига нисбатан 2,5 баробарга кўп). Хориж таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган ОТМлар сони эса 4 баробарга (7 тадан 30 тага) кўпайди.
Аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 3 баробарга (9 фоиздан 28 фоизга) ошди. Олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирларига кўра, республикадаги нодавлат ОТМлар сони 24 тага етди.
Муҳим вазифалар қаторида Ўзбекистоннинг камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро рейтингларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) ТОП-1000 талик рўйхатига, шу жумладан Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги ОТМлар рўйхатига киритиш белгиланган.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг тўртта олий таълим муассасаси Quacquarelli Symonds World University Rankings рейтингида кучли университетлар қаторига киради. Булар:
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти (211—220);
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (251—300);
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети (351—400);
Самарқанд давлат университети (401—405).
2022 йил бошида Ўзбекистоннинг 10 та олий таълим муассасаси Осиё университетларининг Asia University Rankings-2022 халқаро рейтингида reporter мақомини олди, яъни даъвогар университетлар номинациясига эга бўлди. Булар:
- Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
- Тошкент давлат юридик университети
- Тошкент педиатрия тиббиёт институти
- Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети;
- Урганч давлат университети;
- Тошкент молия институти;
- Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти МТУ;
- Тошкент тиббиёт академияси;
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети;
- Тошкент фармацевтика институти.
Ушбу рейтинг ҳар йили Осиё давлатларидаги университетларни тадқиқот, таълим сифати, халқаро хилма-хиллик, иқтибослик ва саноат даромади (билимлар алмашиш) бўйича баҳолайди. Ушбу рўйхатдаги 10 та олий таълим муассасаси The World University Rankings’нинг нуфузли рейтингларига кириш учун номзод сифатида тан олинган. Бу йўналишда уларга рейтинг агентлиги яқиндан ёрдам беради.
Таққослаш учун, қўшни Қозоғистонда 122 та ОТМ, жумладан 83 та университет ва 16 та академия мавжуд. 16 та университет Quacquarelli Symonds World University Rankings халқаро академик рейтингига киради.
Қирғизистонда 64 та ОТМ мавжуд бўлиб, улардан 32 таси давлат, 32 таси нодавлатдир. Халқаро рейтингга Марказий Осиёдаги Америка университети ва “Манас” қирғиз-турк университети киради.
Тожикистонда 36 та ОТМ, жумладан 23 та давлат, 2 та халқаро ва 3 та Россия университетларининг филиаллари мавжуд. Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Quacquarelli Symonds рейтингидаги 450 та энг яхши университетлар рўйхатига Тожикистон Миллий университети киради (241-ўрин).
Туркманистонда 27 та ОТМ мавжуд бўлиб, улардан иккитаси — Яхшигелди Какаев номидаги Халқаро нефт ва газ университети ҳамда Телекоммуникациялар ва информатика институти Times Higher Education жаҳон рейтинги ташкилоти томонидан ўтказилган Impact Rankings 2022 рейтингига киритилган. Туркманистон Телекоммуникациялар ва информатика институти биринчи марта THE World Young University Rankings-2022 — дунёнинг ёш университетлари рейтингига ҳам кирган.