Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгашининг VI пленуми бўлди

Пленумда партия дастурининг ижроси ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда ХДПнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Б.Насриев партиянинг дастурий устувор йўналишларини амалга ошириш борасидаги фаолияти, 2022 йил учун ҳамда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган вазифалар юзасидан ҳисобот берди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг манфаатларини тўла маънода ифодалайди.

– Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида сиёсий партиялар, парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг халқимиз олдидаги масъулиятини кучайтириш бўйича муҳим ташаббус ва ғоялар илгари сурилган – деди Б.Насриев. – Уларни амалга ошириш учун барча даражадаги депутатлик бирлашмалари, ҳудудий партия ташкилотларидан қатъият ва жавобгарлик талаб этилади.

Тараққиёт стратегияси партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдига долзарб ижтимоий аҳамиятга эга бўлган вазифаларни қўймоқда. Жумладан, самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича маълум муддатларга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқиш лозимлиги, “Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” ва “Менинг фикрим” порталларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни шакллантиришда халқ депутатлари кенгашларидаги партия гуруҳлари ва маҳаллий партия ташкилотлари фаоллигини ошириш зарурлиги таъкидланди. 

Пленум сўнгида 2021 йил давомида партия дастур ва мақсадларини кенг оммага тарғиб қилишдаги иштироки ҳамда ташаббускорлиги учун маҳаллий кенгаш депутатлари ташаккурномалар билан тақдирланди. Шунингдек, бир гуруҳ ёшлар партия сафига қабул қилиниб, аъзолик гувоҳномалари топширилди.