Ўзбекистонда камбағалларнинг 7 фоизида диплом борлиги маълум қилинди

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистонда камбағалликка тушганларнинг 7 фоизида диплом борлиги маълум қилинди.

«Ўзбекистондаги камбағалликка тушганларнинг 7 фоизи дипломли камбағал ҳисобланади. Бу Ўзбекистонда дипломи бор кишининг камбағалликка тушиш эҳтимоли паст дегани», деди Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов.

Маълум қилинишича, ижтимоий ҳимоя тизими камбағалликни қисқартиришда энг муҳим йўналиш ҳисобланади. UNICEF тадқиқотларига кўра, охирги уч йилда Ўзбекистонда шаклланган ижтимоий ҳимоя тизими камбағалликни 39 фоизга камайтиришга хизмат қилган.

Обид Ҳакимовга кўра, Жаҳон банки ҳар ой аҳолининг даромадидан келиб чиқиб, камбағаллик даражасини баҳолаб боради. 2018 йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 11,4 фоиз бўлган бўлса, 2020 йилда бу 7,8 фоизга тушиши керак эди. Аммо пандемия сабаб Ўзбекистонда қўшимча 450 минг кишининг камбағалликка тушиш эҳтимоли пайдо бўлди.

Маълум қилинишича, иқтисодий тахминларга кўра, 2021 йилда бу кўрсаткич 6,2 фоизга тушиши кўзда тутилган.