Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар 450 нафарга етди
Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан 26 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилмоқда.
Соғайганларнинг барчаси Андижон вилоятидан. Беморларнинг 5 нафари эркак, 21 нафари аёллардир. Уларнинг 1 нафари хориждан келган, қолган 25 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 59 ёшда бўлса, энг ёши кичиги эса 21 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.
Ҳозирга қадар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 21 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 47 нафарга етди.
Аҳамиятли жиҳати, кеча 96 нафар бемор, бугун эса, ҳозирча, 93 нафар бемор тузалиб, ўтган икки кун ичида жами 189 нафар бемор буткул соғайиб чиқишди.
ССВ хабарига кўра, айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 450 нафарни ташкил этмоқда.