Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Жўрақулова 80 ёшда
Меҳнат дафтарчасига 60 йилдан бери Самарқанд вилоят мусиқали драма театри актрисаси, деган ёзув турганининг ўзи бир жасорат! 60 йил бир жойда ишлаш, бу – фидойилик, кўпчиликка ибратдир!
Шундай актёрлар бўладики, улар ижро этган роллари орқали миллатининг, халқининг юраги тўридан муносиб ўрин олади. Уларнинг роль ижро этаётган давридаги ва ижод завқи чоғларидаги кўнглидан таралаётган нур томошабинлар қалбини забт этади, ижобий қаҳрамонларининг хислатлари томошабинга маълум маънода юқади.
Раъно Жўрақулова кўп йиллар давомида Самарқанд театрида Маҳбуба (“Садоқат”), Муҳаббат (“Муҳаббат тантанаси”), Мели (“Эзоп”), Лочиной (“Бир қизга минг ошиқ”), Ахша (“9-покиза”), Иветта (“Кураж она”), Қиммат (“Рустам”), Паризод (“Семурғ”), Офат (“Қайнона”), Қорасоч (“Қорасоч”), Гулчеҳра (“Кўрмайин босдим тиканни”), Майсара (“Майсаранинг иши”), Гулуза (“Исқирт сатанг”), Дездемона (“Отелло”), ШенДе, Шойда (“Сичуандан чиққан меҳрубон”), Афандининг хотини (“Афанди ва азроил”), Она малика (“Қуёш фарзанди Спитамен”), Абби (“Муҳаббат фожиаси”), Сафия (“Охиргилар”), Ҳалима “Қитмир”..., Волида (“Имом Бухорий”), Туркон хотун (“Самарқанднома”), Ойдана (“Бир ўлиб кўрайчи”), Текле (“Хонума”), Ширин ая (“Ширин найранг”), Бибихоним (“Бибихоним”), Она (“Ялангтўш Баҳодир”), Шифокор (“Оққуш қўшиғи) роллари орқали эл суйган актрисага айланган ва халқимиз қалбидан муносиб жой олган.
Бугун “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Жўрақулова 80 ёшни қаршиляпти.
Доимо ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлайдиган, керакли маслаҳат-у танбеҳларини аямайдиган, саҳнани севиб, ижод қилишдан чарчамайдиган, саҳнада жавлон урадиган камтарин устозни қутлуғ ёши билан самимий табриклаб, янги роллар ижросида куч-қувват тилаб қоламиз!