Ўзбекистонда якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатилади
Ўзбекистонда Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 1 апрелдан жорий этилаётган янги карантин чоралари доирасида якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатилади.
Хайрия тадбирлари қуйидаги марказлашган тартибда амалга оширилади:
- Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида шундай механизм жорий этилади;
- Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этади;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали санитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қаътий риоя этилган ҳолда (махсус кийим бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда) эҳтиёжмандларга етказиб берилади;
- аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига хайрия ёрдамларини шахсан етказиш истагида бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда саховатпеша инсонлар ва кўнгилли (волонтёр)лар ушбу хайрия тадбирларида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва жараёнда қатнашишга таклиф этилади;
- эҳтиёжманд оилаларга берилган хайрия ёрдамлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.
Пул кўринишидаги маблағларни “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиш тавсия қилинади.