Ўзбекистонга Хитойдан инсонпарварлик ёрдами келди (фото)
Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Мудофаа вазирлиги Хитой Халқ Республикаси Мудофаа саноати компаниялари билан юртимиз мудофаа саноати комплекси тизимини ривожлантириш йўналишида икки томонлама самарали ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, Хитойнинг «Норинко», “Виэк Точмаш», «Хайтера», «Поли Технолоджи» ва бошқа мудофаа саноати компаниялари бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш, Қуролли Кучларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техникалар билан таъминлаш ва уларнинг модернизациясига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Мазкур ишларнинг узвий давоми сифатида Хитойнинг юқоридаги мудофаа саноати компаниялари томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига, ушбу касалликка қарши курашиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни кучайтириш ҳамда халқимизнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистонга қуйидаги тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдамини юборди:
- бир марталик стерил тиббий қўлқоплар;
- ҳимоя кўзойнаклари;
- юз учун фильтрловчи ниқоблар;
- тана ҳароратини ўлчовчи тепловизорлар.
Инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонаси, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ва Мудофаа вазирлиги мутасадди вакиллари ҳамкорлигида жорий йилнинг 28 март куни Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво лайнерида «Тошкент» Халқаро аэропортига олиб келинди.
Олиб келинган юклар аэропорт ҳудудида Мудофаа саноати қўмитаси ва Мудофаа вазирлиги маъсул шахслари томонидан қабул қилиб олинди.
Хитойдан келтирилган тиббиёт буюмлари 2020 йил 28 март кунидан республикамиз ҳудуди бўйлаб карантин режимини таъминлашга жалб қилинган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар, тиббиёт ходимлари ва бошқа муҳтож шахсларга тарқатилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Хитой томонидан кўрсатилаётган беминнат инсонпарварлик ёрдамни чуқур ҳис этиб, юксак қадрлайди, дейилади қўмита хабарида.