Ўзбекистоннинг “Швецария”си ҳақида эшитганмисиз? У ерда республика ёш ижодкорларнинг анъанавий семинари бўлиб ўтди

Тонг. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинарида иштирок этиш учун самарқандлик бир гуруҳ қаламкашлар Жиззах шаҳри томон йўл олдик. Мушоира ва баҳрубайтлар садоси ила шамолдай тоғ ёнбағри томон елиб борардик. Жиззах шабодаси эсаётган тепаликлар  ёш ижодкорларга янада илҳом улашарди. Симёғоч ва улкан дарахтларда ин қурган ўнлаб лайлакларга қараб қувонасан киши. Шу лаҳзада билганларнинг лайлаклар тинч-тотув ва баракали юртда бўлишади, деган гапи хаёлингдан ўтади. Ҳақиқатан, ана шундай масканда яшаётганингдан яна бир бор фахр ҳиссини туясан.

Жиззах шаҳридамиз. Ўзига хос композицияга эга бўлган кенг кўчалар, тартиб билан бунёд этилган кўп қаватли уйлар ва дам олиш хиёбонлари шаҳарга кўрк бериб турибди. Шаҳарга кирарканмиз у ерлик ҳайдовчиларнинг бир-бирига нисбатан ҳурмат билан ҳаракатланиши эътиборимизни тортди. Жиззахликларда ҳайдовчилик маданияти анчагина яхши эканини бизни олиб кетаётган машина бошқарувчиси ҳам эътироф этди.

Ўзи йўқ, аммо ижоди тирик инсонлар

Республикамизнинг барча вилоятларидан келган устоз ва ёш ижодкорлар Жиззах вилоят ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар томонидан илиқ кутиб олинди. Ижодий учрашув даставвал, шаҳарнинг 9 қаватли “Ўзбекистон” меҳмонхонаси олдидаги кенг майдонда қад ростлаган Шароф Рашидовнинг ҳайкали пойига гул қўйишдан бошланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким бошчилигидаги кўплаб таниқли адабиётшунослар, журналистлар, ёзувчи ва шоирлар ҳамда ёш қаламкашлар Ш.Рашидов қолдирган адабий меросни ёдга олди. Ҳайкалнинг орқа томонида бунёд этилган мусиқали фаввора эса эл севган санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқларга ҳамоҳанг ҳаракатланмоқда. Бадиийлик асосида, ранг-баранг ёриткич чироқлари-ю, ҳар хил шаклдаги турли хил манзарали дарахтлар билан безатилган хиёбон одамлар билан гавжум. 

Ижодкорлар хиёбоннинг ён томонида жойлашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали пойига гул қўйди. Оппоқ, қўлда китоб билан тик турган ҳолатдаги Ҳамид Олимжон вафо ва садоқат тимсоли сифатида ёдга олинадиган турмуш ўртоғи Зулфияга шеър ўқиб бераётгандек туюлади. Икки буюк шоир учун ўзига хос кўринишга эга бўлган мазкур санъат асари орқали уларнинг ўзаро муносабатлари акс этмоқда. 

– Улуғ инсонлар учун ўрнатилган ҳайкалларга ва шундай обод масканга қараб, бағри-дилинг яйрайди, – дейди Сирожиддин Саййид. – Бу ҳам юртбошимиз томонидан ижодкорларга қаратилаётган эътиборнинг бир кўриниши. Буюк инсонларни берган бу заминда шундай адабий муҳит давом этаверса, адабиётни севадиган, иқтидорли ёшлар йилдан-йилга кўпаяверади. Айнан сиз, ёшларнинг орангиздан ҳам ўзбек адабиётини дунёга танитадиган, ижодкорлар, улуғ инсонлар чиқишига ишонаман.  

Шоирлар ҳайкали қаршисида турар эканман, Зулфиянинг қуйидаги қайдлари ёдимга тушади:

“1935 йилда тўйимиз бўлди. – Мен яйраб яшардим. Инсон чинакам севиб, севилганда атрофидаги барча қийинчиликлар ушоқ бўлиб кўринади. Тўрт фасл ҳам баҳор бўлиб кўринади. Мен ўша пайтда шундай руҳда эдим…”

Ижод аҳли  хиёбон ёнидаги буюк адиблар меросини кўзгуси бўлган музейлар билан ҳам танишди. Президент ташаббуси билан қисқа муддатда қайта таъмирланиб, замонавий кўринишда бунёд этилган музейлар Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижодига оид китоблар ва юздан ортиқ экспонатлар билан тўла. У ерда бўлган ҳар қандай киши маънавий юксалгандай бўлади, унутилмас таассуротлар билан қайтади.

“Ўзбекистоннинг ШВЕЦАРИЯ”си

Кейинги манзил Зомин тумани бўлди. Зомин тоғларини Ўзбекистоннинг “Швецария”си дейишади. Бу ерда бўлган кишилар шифобахш тоғ ҳавосидан баҳраманд бўлиб, табиатнинг гўзаллигидан кўз узолмайди, деган гапларни эшитардик. Бу ҳақиқат экан...

Тоғ оралаб “Ўриклисой” дам олиш манзили томон учта йирик автобусда юқорилаб борарканмиз, бизни тўрт томондан ўраб олган улкан тоғлар ҳайратимизни, қувончимизни оширар, унинг ҳавоси димоғимизни қитиқларди. Ҳар томонда қад ростлаган ям-яшил дарахтлар ва майсалар эса гўё бизни кутиб олаётгандек, ёқимли шабада куйидан ҳилпираб турарди.

Бу тоғлар оддий тоғлар эмас!

Зомин тоғлари қучоғига олган катта сув омборига ҳар томондан тип-тиниқ сув келиб қўшилмоқда. Хаёл олади, ҳа, бу тоғлар оддий тоғлар эмас. У осмондан ёғилаётган ёмғир ва қор парчаларини ҳам исроф қилмайди. Ва, албатта, ойлар, йиллар давомида тўплаган сувини оз-оздан халқига, шу замин одамларига улашади, уларнинг эҳтиёжини қондиради.

Автобуснинг орқа томонидан чиққан овоз беихтиёр ҳаммани ўзига қаратди:

“О, ота маконим,

Онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.

Сендай меҳрибон йўқ,

Сенингдек кўркам,

Римни алишмасман бедапоянгга...”

Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф қаламига оид мазкур шеърни тошкентлик ёш шоир Нажмиддин Эрматов ўқиб якунлар чоғи Ўриклисойга кириб келдик.  

Ўриклисойдамиз: Оқшомдан  тонггача

Ижодкор борки, икки ҳолатда қўлига қалам олади: оқ ва қора рангларни кўрганда. Яъни, яхшилик ва ёмонлик, гўзаллик ва кўрксизлик. Мана, икки кунки, Зомин бағридамиз. Англаганим шу бўлдики, бу ерга қалам аҳлининг талпиниши бежиз эмас экан. Юртимизнинг энг мумтоз, латиф манзараларини шу ерга келиб кўрдим. Табиийки, бундай гўзаллик ижод кишисига дунёнинг оқ томонини кўрсатади. Юракка қулоқ тутиш, табиатла уйғунлашиш, ёлғиз қолиш имконини беради.

Тоғда ҳаво совуқ экан

Кечаси совуқ қотдим. Кечагина Самарқандда эдим. Иссиқдан лоҳас бўлаётгандим. Яратганнинг мўъжизасини қарангки, ёндош икки вилоятимизнинг икки нуқтасида икки хил иқлим. Аслида иккиси ҳам ўзига хос. Инсонга нур ҳам, ҳаво ҳам бирдек керак.

Яна бир ҳолат менга манзур бўлдики, эътироф этишни истардим. Зомин ҳудудида сув, ариқ ва сойлар кўп экан. Бу ҳам ҳудуд юзини чайиб тургандек. Кечаси билан сойнинг овозини эшитиб чиқдим. Эрта тонгдан кичик-кичик шаршаралар овозига қулоқ тутдим. Мутахассисларнинг айтишича, сувнинг овози киши асабларини тинчлантириш, стрессдан чиқариш хусусиятига эга экан. Ўшанда ҳудуд одамларининг очиқ чеҳраси, узоқ умр кўриши сабабини топгандек бўлдим.

Энди фараз қилинг. Шу маназаралар ичра яшасангу ёзмасанг бўладими? Ёзмасликнинг имкони борми?

Ярим тунга қадар мушоира, бадиҳагўйлик давом этди. Бу биз, ёш ижодкорларга нега керак? Бу шубҳасиз, фикр алмашиш, ўзаро билганларимизни ўртоқлашиш ва энг асосийси, АДАБИЁТ ичига кириш имконини беради. Сўзга бўлган меҳримизни оширади, тоширади.

Семинарда ёш ижодкорлар тақдирланди

Эрта тонгдан семинар бошланди ва устоз ижодкорлар бошчилигидаги ёш қаламкашлар ўзлари танлаган наср, назм, драматургия, публицистика ва таржимонлик йўналишлари бўйича шуъбаларда машғулот олиб борди.

Очиғи, бундай адабий муҳитда бўлиб, мамлакатимизнинг энг кўзга кўринган адабиётшунослари, журналистари, таржимон ҳамда ёзувчи ва шоирлари суҳбатини олиб, ўгитларини эшитиб, билмаганимизни ўргандик, завқландик, янада шиддат билан қалам тибратгимиз келди.

Семинарда устозлар мазкур тадбир бир неча йиллардан буён ўтказиб келинаётгани ва бу орқали ёш, қалами ўткир ижодкорлар кашф қилинаётганини таъкидлади. Шунингдек, улар айни пайтда ўз ижоди орқали ўзбек адабиёти ва журналистикаси ривожи учун хизмат қилаётгани айтилди. Ёшларнинг ижодий ишлари билан танишган устоз ижодкорлар улардаги камчилик, муаммо ва ютуқлари ҳақида тушунча берди.

Учрашувларда ёшлар фикр алмашди, соҳа мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. Семинарда мушоира кечалари, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, саёҳат ва бошқа тадбирлар ташкил этилди. Ёш ижодкорларга айтилган камчиликларни тузатиш, ижодий қобилиятни янада ошириш эслатиб ўтилди.

Бадиий публицистика йўналиши бўйича иштирок этаётган ёшларга Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари Абдусаид Кўчимов ва “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев соҳа ҳақида гапирар экан, журналистика ва журналист ҳақида батафсил маълумот берди.

–  Журналистларга шу кунгача бу қадар сўз эркинлиги берилган эмас, – деди А.Кўчимов. – Бугун журналист истаганча фикрини билдиряпти, дилидаги гапини айта оляпти ва бунга тўсқинлик йўқ. Бу яхши, албатта. Аммо айрим оммавий ахборот воситалари ходимлари сўз эркинлиги деб ундан пала-партиш фойдаланяпти. Қайсидир мавзуни яхши ўрганмасдан, чуқур таҳлил қилмасдан меҳнат қилаётган одамларнинг ишини йўққа чиқармоқда. Шу боис журналист сўз эркинлигидан тўғри фойдаланиб, ҳар бир шикоятними, бошқа нарсаними тўғри ўрганиши ва халққа тўғри етказиши керак. Сиз, ёшлар шундай катта йўлда турибсиз экан, албатта, мана шу нарсаларга эътибор қилинг.

Шу куни ижодкорлар Зомин шаршарасига саёҳат қилди. Тоғ чўққисидан сочилиб атрофга тарқаётган, ҳар қандай кишини қувонтирадиган шаршарага чиқиб бориш учун юздан ортиқ зинани босиб ўтиш керак. Шу ерлик аҳолининг айтишича, шаршара суви маза таъмга эга бўлиши билан бирга, шифобахш хусусиятига ҳам эга. Тоғ тепасидан тушаётган бу сув ҳам охири бориб сув омборига қўйилар экан.

Семинар якунида ёш ижодкорларга ҳамкор ташкилотлар томонидан сертификат, эсдалик совғалари ҳамда китоблар жамланмаси ва юз минг сўмдан пул мукофоти топширилди. Бу ҳам ёшлар учун эътибор ва рағбат.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ,

Самарқанд – Жиззах – Зомин.