Ўзбекларнинг белбоғи белида бўлғай
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Азим Суюн ҳаёт бўлганида бугун 75 ёшни қарши оларди.
Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Пайариқ тумани Накурт қишлоғида дунёга келган.
Ўрта мактабда таҳсил олгач, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувида масъул котиб, «Халқ сўзи» газетасида бўлим муҳаррири, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Ўзбекистона» газеталари бош муҳаррири бўлиб ишлаган.
Унинг ижоди ўтган асрнинг 60-йиллари охири ва 70-йиллар бошида бошланган. «Менинг осмоним» (1978) номли биринчи шеърлар тўплами билан китобхонларга танилган.
Шундан кейин шоирнинг ўнга яқин шеърий тўпламлари ва бир қатор достонлари чоп этилган. Жумладан, «Зарб», «Замин тақдири», «Хаёлот», «Зиё кўли», «Жавзо», «Олис тонглар», «Куйганим-суйганим», “Эй дўст” каби шеърий тўпламлари ўқувчиларнинг севимли китобларига айланган.
Айниқса, унинг «Сарбадорлар» фожиаси, «Ўзбекистон», «Бир томчи сув денгизга айланган кеча ёки Иморат» каби достонлари машҳур.
Шоир «Ўзбекистон» достони ва бир туркум шеърлари учун Абдулҳамид Чўлпон номидаги биринчи халқаро мукофотга (1991) сазовор бўлган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
- Азим ака дунёга шамолдай келиб, шамолдай ўтди, - дея хотирлайди шоир ва журналист Фармон Тошев. - Олис қишлоқдаги Накурт дараси бағридаги тошдан тикланган оддий қишлоқ мактабида таҳсил кўриб, қуёшдай юраги, тоғдай ғурури, яйловлардай кенг меҳри билан ўзбек адабиёти майдонига кириб келди. Отаси мулла Олим орзуларини рўёбга чиқариб, мамлакатимизнинг етакчи шоирларидан бирига, Жаҳон шоирлари Конгресси аъзосига, эл таниган зиёлига айланди. Азим Суюн ўзининг ибратли, шижоатли ҳаёти, дилбар шеърлари билан халқнинг қалбида мангу яшайди.
Таниқли шоир 2020 йил 9 март куни оламдан ўтди.
***
БИР СИР БОР
Бир сир бор кўнглимда айтилмаган,
Бир анор… донаси ситилмаган,
Оқ қоғозга ҳатто битилмаган,
Бир сир бор, эй Чечак, эй Гул!
Тоққа айтсам уни тоғ ёрилар,
Гул излаган каби боларилар,
Ундан чиқиб келар гулпарилар,
Бир сир бор, эй Чечак, эй Гул!
Сунбуланинг суви гулобдир-ку,
Маст бўлурсан ичсанг шаробдир-ку,
Асли ҳаёт сири офтобдир-ку,
Бир сир бор, эй Чечак, эй Гул!
Йиртқич йўлбарс унга эл бўлади,
Булбул куйлаб-куйлаб сел бўлади,
Ким ошнодир, чиндан йўл бўлади,
Бир сир бор, эй Чечак, эй Гул!
Бу кун, Азим, жабрин тортадурман,
Азоб дардин чекиб ётадурман,
Фақат ёлғиз сенга айтадурман,
Сир қолмас, эй Чечак, эй Гул!
ТУРОНЮРТ
Менга айтинг, чегара нима?..
Мустабидлар топган ўйиндир.
Сузиб борар уфқда кема,
Бутундир Туронюрт, бутундир.
Ота мозий қаърига тортар,
Ким ўзбек, ким қозоқ, ё хундир.
Юрагимга бир тош зил ботар,
Бутундир Туронюрт, бутундир.
Ҳасратимнинг йўқ эрур чеки,
Турон эли битта будундир.
Қондошлар қон тўкишар, лекин
Бутундир Туронюрт, бутундир.
На-да Бишкек, на Бухоро у,
На Ҳирот, Марв на Истанбулдир.
Ёлғиз яра, ёлғиз даво у,
Бутундир Туронюрт, бутундир.
Тарвақайлаб ўсган шох-шабба,
Бир дарахтга айланган кундир —
Кўтаргум мен офтобранг бода,
Бутундир Туронюрт, бутундир.
***
Йигитларнинг султони элида бўлғай,
Ўзбекларнинг белбоғи белида бўлғай,
Уларнинг ор, шаънига кўз тикма, ғаним,
Кузги япроқ мисоли паймонанг тўлғай.