«Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги АЁҚШларда барча маркали автобензин етарли ва уларнинг нархи оширилмаган

Ижтимоий тармоқларда “АИ-80" русумли бензин йўқ деб қиммат бензинларни сотишаётган экан” мазмунидаги хабарлар эълон қилинмоқда.

Ушбу хабарларга асосан Энергетика вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди:

"Ҳозирги кунда «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги АЁҚШларда АИ-80 русумли автобензиннинг нархи оширилмаган ва унинг 1 литри 6 800 сўмлигича сақланиб қолмоқда. Шунингдек, АИ-92 маркали автобензин 9500 сўмдан ва АИ-95 маркали автобензин 10 500 сўмдан сотилмоқда.

Бугунги кунда республика нефтни қайта ишлаш заводларида суткасида 4 000 тоннадан автобензин ишлаб чиқарилиб, биржа савдолари орқали истеъмолчилар эҳтиёжлари учун йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, автобензин захираси етарли эканлигини маълум қиламиз.

Шу билан бирга, хусусий тадбиркорлар томонидан қўшимча автобензин импорти амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йил бошидан бир ойда ўртача 10 минг тонна автобензин импорт қилинмоқда.

Бундан ташқари, хомашё импорти ҳажмларини ошириш ҳисобига автобензин ишлаб чиқариш ва биржа савдоларига қўйиб борилаётган автобензин ҳажмларини ошириш чоралари кўрилмоқда".