Ўзининг 10-ҳаётини яшаётган Жойя Вервер

Эртами-кечми, инсон ҳаёти давомида ўзига бу ҳаётдан кетганимдан сўнг нима бўлар экан, деган саволни беради. Наҳотки, ҳаммаси тугаса? Жойя Вервер ўзининг олдинги 10 та умрининг ҳаммасини эслашини даъво қилиб, барчани ҳайратда қолдирди.

Дунёда хотираси жуда ҳам яхши бўлган одамлар камдан-кам учрайди. Баъзилари ўтган йилни қандай ўтказганлиги тўғрисида батафсил айтиб бера олмайди. Охирги ўн йиллик тўғрисида эса умуман сўрамай қўя қолинг. Лекин бу қиз шу даражада ноёбки, у ўзининг нақ ўтган ўн ҳаётини эслай олади.

Жойя Вервер 3 ёшлигиданоқ ўзининг яқин ўтмишда яшаб ўтган оиласи тўғрисидаги ғалати воқеаларни айтиб бера бошлади. Улар шу қадар ғайриоддий ва батафсил эдики, ота-онаси унинг уйдирмаларига ишонмай қўя  қолишди. Ваҳийлар тугамагач, у билан парапсихология ва реинкарнация мутахассислари ишлай бошлади. Журналистлар ҳам ушбу ҳайратланарли воқеани четлаб ўта олмади. Тафсилотлар асосидаги текширувлар ўтказилди.

Жойянинг таъкидлашича, у дастлаб ибтидоий одамлар даврида туғилган ва Жанубий Африакадаги ғорда яшаган. У ҳатто динозаврлар ва тош асбобларни эслайди. Тадқиқотчилар қиз тасвирлаб берган ғорларга бориб ҳайратланарли кашфиёт қилишди. Ушбу ғорларда Роберт Блум одамсимон маймун ва онгли инсон ўртасидаги боғлиқлик борлигини исботлади.

Унинг иккинчи ҳаёти қадимги Мисрда ўтган. У ерда Жойя қул бўлиб туғилган ва галералардаги тош йўлларни қуриш ишларида қатнашган. У Мисрнинг барча қуллари азоб чеккан машаққатли меҳнатни яхши эслайди.

Яна бир ҳаётида юзида оғир юзпарда кийганини ва безалган филлар аравада олиб кетаётган маликани эслади.

Шунингдек, онасидан қутулиб, ёмон эҳтиросларга берилган Римнинг шавқатсиз императори Нерон даврида яшаганлиги, Римда дабдабали ўйинлар ва тантаналар уюштирилганлиги ва мусобақаларда ўзи аравакаш сифатида қатнашганлигини ҳам эслаган. Биринчи асрда яшаган ушбу ҳаётида у қувғин қилинган ва таъқиб остидаги насроний динидаги киши ҳаётини яшаб ўтган.

У ўзини 1900-йилларнинг бошида Жанубий Африканинг бешинчи  президенти Пауль Крюгернинг набираси бўлганлигини, икки марта турмуш қургани ва 10 фарзанднинг онаси эканлигини эслади. Олимлар унинг бу ҳаётини ўрганишни бошлаганларида Жойянинг қизларидан бири ҳали ҳам тириклигини ва унинг ёши 90 дан ошганини аниқлашди. Ҳатто қиз 5 ёшга тўлганида у билан учрашув ташкил этишди. Ажабланарлиси, аёл Жойяни онаси сифатида таниди ва улар бирга ўтган ҳаётининг тафсилотларини эслаб узоқ вақт суҳбатлашишди.

У кичкиналигида, Иккинчи жаҳон урушида концлагерда яшаганини эслайди. “Жудаям совуқ ва қоронғу эди. Чуқур қудуқда катта олов ёниб турарди, атрофда қўлида янги туғилган чақалоқлар билан униформа кийган одамлар юрар, биз ҳаммамиз қўрқувдамиз ва йиғлаймиз. Кимдир мени бу оловли қудуққа ташлаб юборди, йиқилиб бошимни қаттиқ уриб олдим, онгим қорайиб кетди...”, дейди қиз. Жойя бу қўрқувни унутолмайди ва ҳозир ҳам у билан яшайди. У ҳали ҳам йиқилишдан ва куйиб қолишдан қўрқади.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.