Озиқ-овқат хавфсизлиги: Нега имкониятимиздан тўғри фойдалана олмаяпмиз?
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва умуман олганда, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги соҳасининг самарали фаолиятига боғлиқ.
Маълумотларга кўра, республикамизга йилига 1,5 миллиард долларлик озиқ-овқат импорт қилинади ва унинг таркибида ўзимизда етиштирилиши мумкин бўлган 25 хилдаги маҳсулот мавжуд. Бундан кўринадики, аҳоли даромадларининг аксарияти овқатланишга сарфланади, бу бошқа соҳа ва тармоқлар ривожига салбий таъсир кўрсатади.
Эндиликда қишлоқ хўжалиги вазири ва ҳокимларга келгуси йилнинг 1 май ҳолатига озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг динамикасига қараб хулоса қилиш топшириғи берилган. Хўш, бу борада Самарқанд вилоятида аҳвол қандай, энг долзарб вазифалар нималардан иборат? Унда илмий ёндашувнинг ўрни қанақа?
Фермер хўжаликлари ихтиёридаги суғориладиган экин майдонлари 246,1 минг гектардан иборат бўлиб, жорий йилда шундан 72 минг гектарида пахта, 105 минг гектарида ғалла, 23,5 минг гектарида сабзавот, 17,2 минг гектарида картошка ва қолган майдонларда полиз, мойли ва озуқабоп экинлар экилган. Вилоят аҳолиси ҳар йили тахминан 70-75 минг кишига кўпайиб, бугунги кунда 4 миллион кишидан кўпроқни ташкил этмоқда. Бу рақамлар аҳолининг рационал овқатланишини таъминлаш учун муҳим.
Буғдой харид нархи кўтарилишининг салбий оқибатларининг олдини олиш учун картошкани аҳолига имкон қадар арзон нархларда етказиб бериш мақсадида унинг экин майдонлари икки маротаба кўпайтирилгани ижобий натижа бермоқда. Бундан ташқари, сабзавотчилик ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотлари таркибида салмоқли ўринни эгаллайди.
Дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам энг кўп истеъмол қилинадиган сабзавот помидор ҳисобланади (тахминан 20-25 фоиз). Консерва саноатида ундан фойдаланиб томат пастаси ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда талаб юқори. Хўш, шунча имконият бўла туриб, нима сабабдан биз ундан самарали фойдалана олмаяпмиз?
Помидор етиштиришдаги асосий муаммо - унинг ҳосилдорлиги йилдан йилга пасайиб бориши. Бу эса тайёр маҳсулот таннархининг кескин ўсиб кетиши, натижада саноат корхоналарининг паст рентабеллик билан ишлаши ва энг ачинарлиси, халқаро бозорларда рақобатга дош бера олмаслигидир. Кейинги йилларда ўртача ҳосилдорлик гектарига 30 тоннагача пасайди. Ваҳоланки, шу пайтгача вилоятимизнинг илғор хўжаликларида бу кўрсаткич гектарига 70-80 тоннани ташкил этарди. Афсуски, фермер хўжаликларидан кўра кенгроқ имкониятларга эга сабзавотчилик кластерларида ҳам бу борада яхши натижаларга эришилмаяпти.
Гап шундаки, илгари кўчатлар фақат маҳаллий уруғлардан тайёрланган, шу боисдан деҳқонларимиз унинг инжиқликларини яхши ўзлаштирган. Кейинги йилларда помидорнинг аксарияти, айниқса бозорга чиқариладиган ва қайта ишлашга мўлжалланган қисми Нидерландия, Хитой, Туркия ва бошқа давлатлардан импорт қилинадиган уруғлар ёрдамида етиштирилади. Мантиқан келиб чиқадики, муаммо, касалликлар, парваришлашнинг нозик томонлари ҳам шунга мос тарзда шаклланади. Кўчатчилик билан боғлиқ муаммо ёки қийинчиликлар мос тарзда карам, гулкарам, булғор қалампирига ҳам тааллуқли ва улар бир-бирига мос тарзда ечилиши мумкин.
Сабзавотнинг 70 фоизи томорқада етиштирилишини инобатга олсак, соҳадаги ҳолат қай даражада чигал экани, мавжуд муаммоларни илм-фан ютуқларига таянмасдан ечиб бўлмаслиги тушунилади. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун вилоятимиздаги 26,2 минг, асосан ижтимоий дафтарларда рўйхатда турадиган оилаларга жорий йилда 5,8 минг гектар ер майдони ажратилиб, деҳқон хўжаликлари ташкил этилди. Шундай экан, натижадорлик ҳам шунга мос бўлиши, яъни юқори даромадни таъминлай оладиган чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим. Бу борада маркетинг фанининг роли беқиёс. Агар экинларни жойлаштиришда ушбу фан имкониятларидан фойдаланилмаса, маҳсулотнинг нархларида чуқур (кучли) тебранишлар вужудга келиши, бу эса кўзда тутилган натижаларни таъминлай олмаслиги мумкин.
Биринчи навбатда гап ҳисоб-китобларни тўғри йўлга қўйиш ва ушбу мақсадларда ахборот технологияларидан фойдаланиб, соҳани рақамлаштириш тўғрисида бормоқда. Бу вазифа ўз ечимини топгандан кейингина моддий-техник ва сув таъминотини, етиштирилган маҳсулотни ички бозорга чиқариш ёки экспорт қилиш самарадорлигини илм-фанга таянган ҳолда такомиллаштириш борасида бош қотириш мумкин.
Ҳозирча соҳада илмий ёндашувдан дарак йўқлигини исботловчи бир мисол келтираман. Тойлоқ туманида республика сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик илмий тадқиқот институтининг тажриба станцияси мавжуд ва унга уруғчилик билан шуғулланиш учун 80 гектар унумдор ва сувли ер ажратилган. Аммо, бу муассасанинг фаолияти эътибордан четда қолган. Солиқ инспекциясига топширилган ҳисоботлардан аниқланадики, мавжуд экин майдонларидан, жумладан, 10 гектарга яқин юқори ҳосилдорликка эга токзор ва боғлардан йилига кўпи билан 5 миллион сўмлик фойда олинади. Омборда 300 миллион сўмлик полиз-сабзавот экинлари уруғи харидорини топа олмасдан тўпланиб қолган. Нафақат вилоят, балки муассаса жойлашган тумандаги бирон бир фермер хўжалиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Афсуски, институт раҳбарияти самарали фаолиятни йўлга қўйиш, юқори рентабеллик билан ишлашни талаб қилиш ўрнига, янги йилдан бошлаб мавжуд бўлмаган лабораториялар мудирлари, раҳбар олимларни рағбатлантириш учун давлат бюджетидан ойига 33 миллион сўмлик иш ҳақи фонди ажратган. Шу билан бирга институт раҳбарларини ўттиздан ортиқ ишчилар деярли иш ҳақи олмасдан ишлаётгани, уларнинг меҳнат стажига эга бўлиши, пенсияга чиқиш имкониятлари қизиқтирмаслигини тушуниш қийин, албатта. Таклифим шундан иборатки, ушбу муассаса фаолиятини мавжуд қонунчилик доирасида назоратга олиш, унинг юқори ташкилотига тўпланган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш талабини қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Илҳом Вафоев,
иқтисодчи.