Пандемия даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари белгиланди

“Ўзбeкистон Рeспубликасида COVID-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус мактаб интернатларининг фаолиятини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблар” Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди ва ҳисобга олинди.

Мазкур ҳужжат COVID-19 пандемияси даврида мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча умумтаълим мактаблари ва махсус мактаб интернатларининг хавфсиз иш муҳитини таъминлашга қаратилган иш фаолиятига татбиқ этилади.

Ҳужжатда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:

➖ машғулотларни соат 8:00 дан сўнг бошлаш ва 17:30 дан кечиктирмасдан тугатиш тавсия этилади. Машғулотлар уч сменада ташкиллаштирилиши мумкин;

➖ пандемия даврида оммавий тадбирлар (йиғилишлар, концертлар, туғилган кунлар ва шу кабилар) ўтказиш вақтинча тўхтатилади;

➖ барча болалар ва уларнинг қонуний вакиллари ниқобларда келишлари шарт;

➖ мактабга киришдан аввал, мактабнинг тиббий ходимлари/масъул ходимлари томонидан “эрталабки филтрлаш” бўйича махсус пункт ташкил этилиб, тегишли журнал юритилади;

➖ “эрталабки филтрлаш” жараёнидан сўнг ўқувчилар кириш жойларида ўрнатилган махсус диспенсердан антисептик восита ёрдамида қўлларини зарарсизлантирадилар;

➖ ниқоб/респираторсиз мактабга киришига рухсат берилмайди. Бунда, ниқоб камида ҳар 3 соатда, респираторлар камида ҳар 8 соатда ўзгартирилиши лозим;

➖ синфларда ҳар бир ўқувчига 2 метр квадратдан кам бўлмаган майдон бўлиши талаб этилади;

➖ пандемия пайтида мактаб ошхоналари ўз ишини амалдаги санитария меъёрлари ва қоидалари талабларига риоя қилинган ҳолда ташкил этади;

➖ юқумли касалликлар белгилари бўлган ўқувчилар/мактаб ходимлари ушбу белгилар аниқланган вақтдан бошлаб тез ёрдам гуруҳи ёки ота-оналар (қонуний вакил) келгунига қадар зудлик билан изоляция қилинишлари шарт.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пандемия даврида боғчаларга қўйиладиган санитария талаблари Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, ҳисобга олинган эди.