Паст Дарғомда “темир дафтар”га киритилган 3,5 минг оилага бепул картошка, пиёз, сабзи ва гуруч берилади

Бу ҳақда халқ депутатлари Паст Дарғом тумани Кенгашининг ўн саккизинчи сессиясида айтилди.

Сессияда дастлаб туман аҳолисини куз-қиш мавсумида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан туман ҳокимининг ўринбосари Ойбек Муротқобилов ахборот берди.   

Таъкидландики, туманда гўшт маҳсулотлари истеъмоли бир йилда аҳоли жон бошига ўртача 42,6 килограмни ташкил этиб, жами 15 минг 46 тонна гўшт маҳсулотлари талаб этилади. Шунингдек, тухумга бўлган йиллик талаб 76 миллион 300 минг донани, картошка 18 минг 366 тоннани, пиёз 7 минг 64 тоннани, сабзи 9 минг 183 тоннани, ун маҳсулотлари 27 минг 302 тоннани ва ўсимлик ёғи 1 минг 342 тоннани ташкил этади.

Туманда ишлаб чиқарилмайдиган ёки қўшимча бошқа ҳудудлардан олиб келинадиган маҳсулотлардан гуручга бўлган йиллик талаб 3 минг 461 тонна, шакар маҳсулоти 3 минг 885 тоннани ташкил этиб, тўлиқ ташқи бозорлардан ушбу талаб қондирилади.

Ушбу озиқ-овқат маҳсулотларини захира қилиш учун маҳаллий бюджет, банк кредити ресурслари ва тадбиркорлар маблағлари жалб этилади. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 октябрдаги қарори 5-банди ижросини таъминлаш мақсадида "Темир дафтар"га киритилган эҳтиёжманд аҳолига 2020-2021 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш чоралари кўрилади. Бунинг учун 2020 йил 3-чорак даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан сессия қарорига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказилган 1 миллиард сўм маблағ ҳисобидан “темир дафтар”га киритилган 3 минг 574 оилага 133 килограммдан картошка, 18,2 килограммдан пиёз, 48 килограммдан сабзи, 24,3 килограммдан гуруч захира қилинади ва куз-қиш мавсумида уларга тарқатилади.

Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.