Паст Дарғомдаги маданий мерос объекти ҳудуди сотиладими? Туман ҳокимлиги вазиятга ойдинлик киритди

Сайтимизда бир неча бор Паст Дарғом тумани Хончорбоғ маҳалласида топилган қадимий қабртошлар ҳақида хабар бериб, аҳолининг ушбу ҳудуд аукционда сотиб юборилиши мумкинлиги юзасидан хавотирини маълум қилгандик.

Дастлаб Маданий мерос агентлигининг расмий сайтида бу бўйича муносабат билдирилганди. Бироқ муносабатда кўзда тутилган ҳудуд мақоладаги эмас, балки бошқа объект бўлиб чиқди. Яқинда эса туман ҳокимлиги айни муаммо юзасидан маълумот тақдим этди:

“Ижтимоий тармоқларда “Паст Дарғомдаги маданий мерос объектлари асраб-авайланадими?” сарлавҳаси остидаги хабар тарқалди. Унда, Паст Дарғом тумани Хончорбоғ маҳалласи Қайрағоч қишлоғидаги қабристондан қадимий қабртошлар топилгани ва мазкур ҳудудни маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олишда муаммолар юзага келаётгани, кейинги хабарда эса, ушбу ер майдонининг аукционга чиқарилгани баён этилган.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида, Кадастрлар палатаси туман бўлимидан маълумот олдик.

Унга кўра;

Мурожаатда назарда тутилган ер майдони Хончорбоғ маҳалласидаги 33-контурида жойлашган туман захирасидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони саналади. Жорий йилнинг 15 июль кунида маҳаллий тадбиркорлар томонидан ушбу ер майдонидан маҳалла гузари ва спорт майдончаси қуриш таклифи билан чиқилган.

Шунга асосан, Кадастрлар палатаси туман филиали томонидан ўрганилган ва унинг туман захирасидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони экани аниқланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 685-сонли қарорига асосан, “YERELEKTRON” AATга тегишли ташкилотлар билан яъни, туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик бўлими, "Ҳудудгаз" туман бўлими, "Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси акциядорлик жамияти" туман электр таъминоти корхонаси, туман фавқулодда вазиятлар бўлими, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси туман бўлими, Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси, туман санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ва бошқа тегишли ташкилотлардан хулоса олишга киритилган. Ушбу ташкилотлар томонидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш ишлари якунланиб, ушбу ташкилотларнинг хулосаси олингандан сўнг, онлайн савдога чиқариш мумкинлиги ёки, таъқиқлангани маълум бўлади.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 11 сентябрь куни туман ҳокимлиги томонидан Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғига ушбу ер майдонини тегишли тартибда ўрганиб, маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинишида амалий ёрдам сўралиб хат чиқарилган.

Ҳозирда, бу бўйича Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан ҳам ўрганиш олиб борилмоқда ва туман ҳокимлиги бу масалада нафақат ушбу бошқарма билан балки, бошқа оммавий ахборот воситалари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилишини билдиради” дейилади туман ҳокимлиги расмий муносабатида.