Пастдарғомлик аёллар бозорда содир бўлган ёнғинда жабрланувчи деб топилмагани учун норозилик билдирди

Фуқаролар Д.Соатова, А.Агаева ва Г.Амировалар 2021 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида намойишга чиқиб, оммавий ахборот воситаларига Паст Дарғом тумани бозоридаги ёнғин юзасидан кўзғатилган жиноят иши доирасида улар жабрланувчи деб эътироф этилмаганлигини, иш тафсилоти жамоатчиликдан яшириб келинаётганлигини эълон қилишди.

Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 24 май куни тунда тумандаги “Паст Дарғом мева-сабзавот” МЧЖ автотураргоҳи ҳудудида жойлашган, фуқаро Ш.Умаровга тегишли бўлган енгил конструкцияли савдо дўконлари ва унга яқин масофада жойлашган полиз экинлари сотишга мўлжалланган павильонларда ёнғин рўй берган.

Воқеа жойи кўздан кечирилганида 120 квадрат метр майдондаги жами 8 та савдо дўкони, 90 квадрат метр майдондаги 5 дона енгил конструкцияли павильонлар ва ичидаги маҳсулотлар тўлиқ ёниб кетганлиги аниқланган.

Шу куни Паст Дарғом тумани прокуратураси томонидан ҳолат бўйича ЖКнинг 173-моддаси 1-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ёнғин сабабини аниқлаш мақсадида судга оид ёнғин техника экспертизаси тайинланган.

Тергов жараёнида фуқаролар Д.Соатова, А.Агаева, Г.Амирова ва бошқалар ҳолат юзасидан батафсил сўроқ қилиниб, 6 нафар фуқаролар жиноят иши юзасидан жабрланувчи сифатида эътироф этилган.

Жабрланувчилар томонидан кўрсатилган барча важлар тергов давомида ҳар томонлама ўрганиб чиқилиши таъминланади.

Мазкур жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.