Пастдарғомлик томорқачилар 7 минг 800 гектардан зиёд томорқа ерларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиради
Коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасида ҳукуматимиз тизимли чора-тадбирлар йўлга қўймоқда. Дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган вирусдан юртдошларимизни асраш, ундан талафотларсиз чиқиш мақсадида ишлаб чиқилаётган бу каби тадбирларда пастдарғомликлар ҳам фаол бўлишни мақсад қилишган.
Хусусан, улар айни кунларда уйда бўш ўтирмай, мавжуд томорқа майдонларига қишлоқ хўжалиги экинлари экиш билан шуғулланмоқда. Туманда 60 минг 683 нафар томорқа ер эгалари бўлиб, улар тасарруфида 7605 гектар экин ер майдони бор. 2020 йил ҳосили учун 2019 йил август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилган эди. Айни кунларда бу маҳсулотлар пешма-пеш бозорларга чиқарилмоқда.
2020 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларининг 5830 гектарига баҳорги қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилиши белгилаб олинган. Кузда экилган пиёз ва саримсоқпиёздан ҳамда эрта баҳорда экилган экинлардан бўшаган салкам 2 минг гектар майдонга такрорий экинлар жойлаштириш белгиланган.
Паст Дарғом тумани ҳокими Шунқор Худойбердиев тегишли ташкилот раҳбарлари билан биргаликда туман аҳолиси хонадонларида бўлиб, олиб борилаётган томорқа юмушлари билан қизиқди. Дастлаб Гўзалкент ҳудудидаги аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш ҳолатлари билан танишди.
– Мамлакатимизга келган балони ҳамжиҳатлик билан биргаликда бартараф этиш учун томорқаларимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўлган картошка, сабзи, пиёз, сабзавот, полиз ва дуккакли экинларини етиштириш учун меҳнатимизни аямаслигимиз керак, - деди Ш.Худойбердиев. - Агар ҳар биримиз томорқамиздаги ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирсак, пандемия таъсирини юмшатган, дастурхонларимизнинг тўкинлигини таъминлаган бўламиз. Аммо аҳоли хонадонларини айланиб бир нарсанинг гувоҳи бўлдик: баъзи хонадонлар эгаларининг деҳқончилик қилишга имконияти бўла туриб, томорқасига беда экиб қўйган. Агар шу ерга озиқ-овқат экинлари экилса, йил бўйи рўзғорини обод қилиши, ортганини бозорга чиқариши мумкин-ку.
Ҳоким туманда томорқасида меҳнат қилиб, яхшигина даромад қилаётганлар кўплигини ҳам алоҳида эътироф этди. Жумладан, Илм маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Олмос Холмуродов ўзининг 20 сотих томорқасининг 4 сотихига иссиқхона қуриб, бу ерга помидор, бодринг, кўкатлар эккан. Бир йилда ўртача шу ернинг ўзидан 10-15 миллион даромад қилади.
- Лекин бу етарли эмас, - деди туман ҳокими. - Бугун фуқароларимизда томорқа маданиятини шакллантиришимиз зарур. Айниқса, халқ бошига оғир синов тушган ҳозирги шароитда томорқамизнинг ҳар қарич еридан самарали фойдаланиб, дастурхонларимиз тўкин-сочинлигини таъминлайлик, бозордаги озиқ-овқат маҳсулотларини нархларини сақлаб қолишда бор куч-ғайратимизни сафарбар этайлик.
Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.