Пахта ва ғалла майдонларини қисқартириб, бу йили кузда ва келгуси йил баҳорида яна 70 минг гектар экин ерларини аҳолига тарқатиш режа қилинган
Бу ҳақда Бухорода Президент иштирокидаги йиғилишда айтиб ўтилди. Таъкидланишича, ҳокимлар бугунги кунгача ажратилган 200 минг гектардан самарали фойдаланишни тўғри ташкил қила олмаяпти.
Жумладан, сув таъминоти ва унумдорлиги яхши бўлмагани учун жами ерларнинг 13 минг гектари ёки 8 фоизи қаровсиз турибди.
Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда атиги 15 фоиз ерлар эҳтиёжманд оилаларга берилган.
Шу муносабат билан дастлабки босқичда 10 йил муддатга ажратилган 73 минг гектар майдоннинг ижара муддатлари 30 йилга узайтириб берилиши белгиланди.
Бўш турган 100 минг гектар яйловлар чорваси бор аҳолига камида 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага олишига рухсат берилади.
“Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган эҳтиёжманд аҳолига ерларни беришда улар ер учун барча тўловлардан озод қилинади.