Пахтачида ИИБ ходимига пора бермоқчи бўлган шахс ушланди
Самарқанд вилояти ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Кеча, 18 март куни Пахтачи тумани Зарафшон МФЙда яшовчи, 1977 йилда туғилган, фуқаро Ж.З.нинг яшаш уйида тинтув тергов ҳаракати ўтказилиб, хонадонида таркибида олтин моддаси бўлган 30 қоп ишлов берилмаган қум ва қум ювиш учун мўлжалланган 3 та ускуналар борлиги аниқланган.
Ушбу ҳолатни расмийлаштириш жараёнида фуқаро Ж.З. қилмиши фош бўлиб қолмаслигини мақсад қилиб, Самарқанд вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими терговчисига ҳолатни расмийлаштирмаслик эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пул таклиф қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ж.З. ИИБ ходимига жами 7.000.000 (етти миллион) сўм пул бераётган вақтида холислар иштирокида далилий ашёлар билан ҳужжатлаштириб олинди.
Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.