“Пахтакор -79”: Машъум фожиа қандай юз берганди?
Бундан роппа-роса 44 йил муқаддам, 1979 йилнинг 11 августида Днепродзержинск осмонида иккита самолёт тўқнашган эди. Бу самолётлардан бирининг бортида ўзига хос ўйини ҳамда маҳорати билан мухлислар муҳаббатига сазовор бўлиб бораётган собиқ иттифоқ Олий лигасининг энг сара жамоаларидан бири "Пахтакор" футбол клуби ҳам бор эди.
Улар - Сергей Покатилов, дарвозабон, 28 ёш; Николай Куликов, ҳимоячи, 26 ёш; Алим Аширов, ҳимоячи, 24 ёш; Равил Агишев, ҳимоячи, 20 ёш; Юрий Загуменних, ҳимоячи, 32 ёш; Михаил Ан, ярим ҳимоячи, 26 ёш; Константин Баканов, ярим ҳимоячи, 24 ёш; Александр Корченов, ярим ҳимоячи, 30 ёш; Владимир Макаров, ярим ҳимоячи, 32 ёш; Виктор Чуркин, ҳужумчи, 27 ёш; Сирожиддин Бозоров, ҳужумчи, 18 ёш; Шуҳрат Эшбўтаев, ҳужумчи, 20 ёш; Владимир Собиров, ҳужумчи, 21 ёш; Владимир Фёдоров, ҳужумчи, 23 ёш; Идгай Тазетдинов, мураббий, 46 ёш; Владимир Чумаков, жамоа шифокори, 46 ёш; Мансур Толибжонов, жамоа администратори.
Улар ёш ва жасоратли, зафарли натижалари билан ўзбек халқи қалбида улкан умид машъаласини ёққан афсонавий жамоа эди. Хўш, Днепродзержинск осмонида самолётлар тўқнашувига нима сабаб бўлган эди?
Фожиа тафсилотлари кейинчалик маълум қилинган. Унга кўра, ўша машъум кунда Харьков ҳаво ҳаракатини бошқариш маркази диспетчери Николай Жуковский, эндигина ўқув юртини тугатган 20 ёшли йигит парвозларни кузатаётган эди. Унга катта диспетчер Владимир Сумский ҳамроҳлик қилган.
Бортида “Пахтакор”чилар бўлган лайнер парвозни 5100 метр баландликда амалга оширган ва учувчилар юқорига кўтарилиш учун рухсат сўрашган. Николай Жуковский эса буни амалга оширишга рухсат беради. Диспетчер фожиага 5 дақиқа қолгандагина 8400 метр баландликда иккита "Ту-134" самолёти учаётганини билиб қолади ва “Пахтакорчи"лар учаётган лайнер билан боғланиб, 9000 баландликка кўтарилиш буйруғини беришга ҳаракат қилади. Аммо баландликни ўзгартириш буйруғи ўз манзилига етиб бормайди.
Шу вақтда алоқада бўлган бошқа бир самолёт хатолик билан буйруқни тасдиқлаган. Диспетчер буйруқни айнан "Пахтакор" футболчилари бўлган "Ту-134А" томонидан тасдиқлаганини аниқламаган.
Оқибатда кузатув экранларидан бир вақтнинг ўзида иккита самолёт ғойиб бўлади. Иккала диспетчер ҳам улар билан алоқага чиқишга узоқ ҳаракат қилишади. Самолётлар экранда пайдо бўлиб қолиши ва ҳаммаси жойида бўлишига умид қилиб, узоқ вақт раҳбариятга билдиришмайди, ёрдам сўрашмайди. Алал-оқибат фожиа маълум бўлади...
Орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам юлдузли жамоа аъзолари ҳамиша фахр ва ифтихор билан эсланади, уларнинг ёрқин хотираларига ҳурмат кўрсатилади. Ўзбек футбол аҳлининг ҳеч бир вакили йўқки, "Пахтакор-79" ҳақида ҳурмат ва чуқур қайғу билан эсламаса.
...Тошкентнинг Боткин номидаги қабристони кираверишида "Пахтакор-79" хотирасига бағишланган ёдгорлик ўрнатилган. Марказда тўпга интилаётган дарвозабон, атрофидаги ҳалқада эса 1979 йил 11 августда Украина осмонидаги даҳшатли тўқнашувда ҳалок бўлган 17 нафар “Пахтакор” футболчиларининг номлари ўрин олган.