Пахтани ким теряпти?

Шу кунларда вилоятнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими бошланган.

Етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан, қисқа фурсатда йиғиштириб олиш учун вилоят бўйича жами 130 513 нафар теримчи жалб этилган. Уларнинг 51,7 мингги фермер хўжалиги аъзолари бўлса, 78,8 мингдан ортиғи уюшмаган аҳолидан иборат.

Терим ишларининг навбат асосида ташкил этилиши туфайли ўтган куни 61,9 мингдан ортиқ кўнгилли ҳосилни теришга келган бўлса, кеча уларнинг сони 78 мингдан ортди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўртача бир теримчи кунига 61 килограмдан ортиқ хомашёни териб олган.

Бу йилги мавсумда қўлда терилган бир килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда 1200 сўм ва иккинчи теримда 1500 сўмдан ҳақ тўланиши белгиланган.

Хўш, даладаги теримчилар меҳнатидан қониқяптими?

Мавзу юзасидан Оқдарё туманидаги Янгиравот-2 маҳалласида жойлашган “Қоратери Ботир пахтаси” фермер хўжалиги далаларида бўлдик. Фермер хўжалик раҳбари Қамариддин Примқуловнинг айтишича, маҳалланинг 70 нафардан ортиқ маҳалладаги аҳоли терим ишларида қатнашяпти. Уларнинг ёрдами билан икки кунда 23 тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олинган. Ишчилар учун бепул тушлик ва иссиқ овқат ташкил этилган.

- Ўтган йилги мавсумда 1,8 тонна пахта тергандим, - дейди илғор теримчи Дилрабо Бойхўрозова. – Бу йил эса бир ўзим 2 тоннадан ориқ пахта теришни режалаштирганман. Бунинг учун кунига ўртача 150 килограмдан ошириб пахта теряпман. Бизда терим бошланганига уч кун бўлди. Шу боис, ҳали беш кунлик терим пулини олмадик. Иш ҳақимизни олганимиздан сўнг рағбатимиз янада ортади.

 Марказий банк вилоят бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, терим пулларини ўз вақтида етказиш учун вилоятимиздаги 4 та тижорат банки бириктирилган. Улар томонидан 22 сентябрь ҳолатига 9 миллиард 662 миллион 143 минг сўм  терим пули тарқатилган. 

   Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.