Пайариқда янги туристик қишлоқ ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сон қарори 8-иловасига мувофиқ, айрим фуқаролар йиғинига “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ва “Туризм овули” мақомини бериш бўйича вилоятимизда зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, республикада биринчи бўлиб вилоятимизда Конигил маҳалла фуқаролар йиғинига “Конигил" туризм қишлоғи сертификати топширилди.
Шундай амалий ишларнинг давоми сифатида Пайариқ туманидаги Чоштепа маҳалласини туризм қишлоғига айлантириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Қишлоқ аҳолисига “Туризм қишлоғи” тушунчаси ҳақида янада чуқурроқ маълумот бериш мақсадида Чоштепа қишлоқ аҳолиси ва ташаббускорларни “Конигил" туризм қишлоғига саёҳати уюштирилди.
Саёҳат давомида уларга департаментимиз ходимлари ҳамроҳлик қилди. «Конигил» туризм қишлоғи фаолиятини ўрганиш баробарида чоштепаликлар билан суҳбат ўтказилди, туризм қишлоғини ташкил этиш босқичлари бўйича атрофлича маълумотлар берилди.
Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати.