Пайариқлик тадбиркор ҳасрати: Оворaгарчилигимга жавобгар йўқми?

2018 йилда Пайариқ тумани Имом Бухорий маҳалласи, Хартанг қишлоғидаги янги қурилган кўп қаватли уйларга туташ, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бўш ердан «Ёшлар меҳнат гузари» қуриш бўйича ер танлаб, туман ҳокимидан рухсат сўрадик. Туман ҳокими рухсат бериб, ҳужжатларни туман ер танлаш ва ажратиш комиссиясига топширишимни айтди. Комиссия аъзолари ҳужжатлар ва жойни ўрганиб, 2019 йил августда лойиҳани маъқуллади.

Ўша пайтдаги туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари О.Абдуллаев 2019 йил 2 октябрда вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи Б.Назаров номига хат қилиб берди. Туман архитектори Зойир Ҳайитов лойиҳамизни Хартанг қишлоғининг бош режасига жойлаштирди. Ҳужжатларни қурилиш бошқармасига топширдим, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” илмий-тадқиқот институтига юборишди. Маълум вақтдан сўнг улар режани маъқуллаб, алоҳида чизма қилиб, қурилишнинг ўлчамлари, ҳажми, кўринишини тасдиқлаб жавоб юборди. Хатни олиб яна туман ҳокимлигига бордим. Ҳокимиятда қурилиш бўлимида ишлайдиган мутахассис Шерзод Муҳамматов “Барибир бу ер сизларга берилмайди, сизлар ололмайсизлар”, деди. Нега, деб сўрасам айтмади…

Шундан сўнг «Эрта кел, индин кел, бозордан кейин кел, байрамдан кейин кел, ҳокимга учрашолмаяпман», деган важлар билан сарсонгарчиликлар бошланди.

Бир куни туман ҳокимини учратиб, «Ҳужжатлар тайёр бўлди, энди қарор чиқариб берсангиз”, дедим. Ҳоким “Ҳужжатларни қурилиш бўлимига беринг, қарор лойиҳасини тайёрлаб кирсин”, деди. Айтдим, аммо эртасига борсам, яна ўша гап. Мен натижа бўлиб қолгандир, деб кунда-кун­ора бориб келавердим. Бир куни ҳоким ва Ш.Муҳамматовни ҳокимият ҳовлисида учратдим. У мени кўриши билан ҳокимга “Бу ер майдони фақат аукцион орқали берилади, десам, бу киши тушунишни истамаяпти” деди.

“Шу пайтгача бундай гап бўлгани йўқ эди-ку. Агар ер майдони аукционга қўйиладиган бўлса, қарийб бир йилдан буён нега мени бунчалик сарсон қиляпсизлар”, дедим.

“Майли ер майдонини берамиз, фақат бу ернинг Фотима опа деган масъул одами бор, у киши рухсат бериши керак”, деди ҳоким.

Масъул опа Самарқанддаги “ARCHI CUDE” деган лойиҳалаш фирмасининг бошлиғи экан. Фотима опа ҳамма ҳужжатлар тўғри, фақат лойиҳа-таклиф етишмаслигини айтди. Икки ҳафтадан сўнг ўша ҳужжатларни тайёрлаб берди ва бу ҳужжат қурилишга рухсат берилганини ҳоким ўзи тушунишини айтди. Эртасига ҳужжатларни Ш.Муҳамматовга топширдим, у яна турли баҳоналар билан сарсон қилди. Бир неча кундан сўнг ҳокимга учрашдим, у киши “Айтинг қарорни тайёрлаб киритсин, имзолаб бераман”, деди. Ҳокимнинг гапини ҳокимият мутахассисига айтдим, “хўп” деди. Сўнг яна сарсонгарчилик. Сабр тугаб, асаблар таранглашган кунларнинг бирида ҳокимни учратиб, “Ходимингиз сарсон қиляпти”, дедим. Ҳоким бўлса, “Имом Бухорий ҳудудида ҳеч кимга ер ажратиш учун қарор чиқармаяпмиз», деди.

Ўша кунларда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Пайариқ туманида сайёр қабули бўлди. Мен ҳам қабулда қатнашиб, муаммони вилоят ҳокимига айтдим. Масалани ўрганиш Пайариқ тумани ёшлар иттифоқига топширилди. Бир неча кундан сўнг “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасидан мутахассис келди ва “Туман ҳокимига хат қилиб чиқаман. Лекин у киши бу хатга жавоб бермайди”, деди.

Шундан сўнг сенатор Ф.Тошевга мурожаат қилдим. У киши туман ҳокими билан гаплашиб, қурилиш вазирининг рухсатисиз бу ерга қарор беролмаганлиги учун вазирга сўровнома ҳам юборган экан.

Шундан сўнг оғир бетоб бўлдим, анча вақт даволандим. Ҳеч қаердан хат-хабар бўлавермагач, жавоб хатини сўраб яна Ф.Тошевга бордим. У киши анча аввал қурилиш вазирига юборган саволга ижобий жавоб хати келганлиги ва уни туман ҳокимига юборганлигини айтди. Эртасига туман ҳокимлигига бориб, вазир ҳам рухсат берганлигини, энди қарор чиқариш мумкинлигини айтсам, Ш.Муҳамматов “Бизга ҳеч қандай хат келгани йўқ, Янги йилдан кейин келинг”, деди. Хат нусхасини бериб қайтдим.

Байрамдан кейин ҳам яна ўша сарсонгарчилик. 14 январда сабрим тугади ва “2020 йил 4 апрелда расман берган аризамга ер майдони берилиши ёки берилмаслиги бўйича жавоб хати бер, бошқа келмайман”, дедим. Ш.Муҳамматов туман ҳокими ўринбосари Ш.Болиев номидан ер майдони аукцион орқали олиш кераклиги бўйича хат тайёрлаб, “Болиевга имзолатиб келинг”, деди. Мутахассиснинг бевосита вазифасини бажариб, хатни ўринбосарга имзога олиб бордим. У киши хат билан танишмасдан имзолаб берди.

«Энди хатни девонхонадан рўйхатдан ўтказиб кетаверинг», деди Ш.Муҳамматов.

Расмий ҳужжатларни тайёрлаш, имзолатиш, рўйхатдан ўтказиб, мурожаатчига топшириш мутахассисларнинг вазифаси, деб билардим. Бу тартиб фақат Пайариқда жорий қилинганми ёки бошқа туман ҳокимликларида ҳам шундай ҳолатми?

Агарда 4 сотих ер майдонида икки қаватли бино қурганимизда 30-40 та янги иш ўрни бўларди. Бино қурилиши учун яна қанча одам банд бўларди. Тадбиркорлик қиламан, иш ўрни яратаман деб сарсонгарчиликлардан тамомила безор бўлдим. Иштиёқ ҳам сўнди, ишонч ҳам қолмади.

Яқинда яна туман ҳокимлиги девонхонасига бориб, “2020 йил 4 апрелда Алишев Сирожиддин номидан Хартанг қишлоғида “Ёшлар меҳнат гузари” қуришга рухсат сўраб ариза бергандим, шу аризамдан нусха олмоқчиман. Чунки сизларнинг ҳаракатларингиздан норозиман, шикоят қилмоқчиман, шунга ариза нусхасини илова қиламан”, дедим. Архивдаги аризани топиб келишга кетган ходим анча вақтдан кейин сохталаштирилган ариза нусхаси ва шошиб тайёрланган жавоб хатини келтирди. Чунки мен аризани 4 апрелда берганман, 13 апрелда мутахассисга келиб тушганлиги тўғрисида сана ёзилган. Сохта ариза нусхасида эса 4 санаси олдига 1 рақами қўшиб қўйилган. Бу эса мен ариза бермасимдан олдин мутахассис қабул қилган бўлиб қолади. Шошиб тайёрланган жавоб хатига келадиган бўлсак, мен Алишев Сирожиддин номидан ариза берганман. Менга берилган жавоб хатининг ички қисмида фуқаро “Қўзибоев Асқарга Ёшлар меҳнат гузари қуриш учун” деган жумла қолиб кетган. Бу очиқчасига иш ўрни яратаман, деган фуқаронинг йўлини тўсиш, тадбиркорликка қаршилик қилиш эмасми?

Телевизор кўрамиз, газета ўқиймиз, барчасида давлатимиз раҳбари ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга янги иш ўринлари яратиш, бунинг учун маҳаллий ҳокимликлар тарғибот-ташвиқот ўтказиши, кредит ажратишда кўмаклишиши, имкониятлар яратиш борасида жон куйдириб гапиради. Лекин фарзандларим билан бўш ётган ер майдонида янги иш ўрни яратамиз, ёшларни ўз юртида тадбиркорликка ўргатиб, бандлигини таъминлаймиз, десак Пайариқ тумани ҳокимлиги масъуллари нега бунга қаршилик қилади? Ёки Президентнинг сиёсати улар учун тааллуқли эмасми? Бўлмаса нега ўзлари рухсат берган, қурилиш бошқармаси рози бўлган, Қурилиш вазири ҳам маъқуллаган қурилишга қарор чиқариш учун қаршилик қилади, депутатларни алдайди, фуқарони йиллаб сарсон қилади? “Шу ерда тадбиркорлик қиламан, иш ўрни яратаман, сизлар ҳам ишли бўласизлар, чет элга ишлагани бормайсизлар” деб фарзанд­ларимни ишонтиргандим. Энди кимга ишонай? 400 квадрат метр бўш ер майдонни, деб қарийб 2 йил туман ҳокимлигида сарсон бўлиб, бу ерда тадбиркорлик қилиб бўлмаслигига ишонайми?

Менинг оворагарчилигим учун ким жавоб беради?

Ҳасан Тожиев.