Пеницилинни кашф этган микробиолог қандай бу даражага етганини биласизми?
ХХ асрнинг бошларида шотландиялик бир фермер уйига қайтаётганди. Ботқоқлик ёнидан ўтаётиб, тўсатдан ёрдамга чақираётган овозни эшитиб қолди. Фермер овозга қараб югурди ва ботқоқдан чиқишга уринаётган болани кўрди. Тезда дарахт шохини кесиб олиб, эҳтиёткорлик билан яқинлашди ва уни чўкаётган болага узатди. Бола ташқарига чиққач, узоқ вақт кўз ёшларини тўхтата олмади, унинг бутун вужуди титраб кетарди.
- Юр менинг уйимга борамиз, - деди фермер. – Тинчланиб, исиниб оласан.
- Йўқ, йўқ, - бола бош чайқади, - отам мени кутаяпти. У жуда хавотирланаётгандир.
Халоскорига раҳмат деб бола чопиб кетди. ...Эрталаб фермер уйи олдига замбил отлар ортилган арава келиб тўхтади. Аравадан яхши кийинган зодагон тушди ва сўради:
- Кеча мени ўғлимни қутқарган киши сизмисиз?
- Ҳа, мен – жавоб берди фермер.
- Сиздан қанча қарзим бор?
- Жаноб мени хафа қилманг. Сиз мендан қарздор эмассиз. Мен оддий одам қилиши керак бўлган нарсани қилдим.
- Йўқ, мен буни шундай қолдиролмайман, ўғлим мен учун жуда азиз. Истаган миқдордаги пулни айтинг, деб туриб олди меҳмон.
- Бу ҳақда бошқа гаплашишни истамайман. Хайр, - деб кетаётганди фермер, шу пайт унинг ўғилчаси айвонга чиқиб қолди.
- Бу сизнинг ўғлингизми? – сўради меҳмон.
- Ҳа, мамнунлик билан жавоб қайтарди фермер ўғлининг бошини силаб.
- Келинг бундай қиламиз. Мен ўғлингизни ўзим билан Лондонга олиб бораман ва уни ўқитиб, таълими учун пул тўлайман. Агар у отаси каби олижаноб бўлиб чиқса, бу қарордан сиз ҳам, мен ҳам пушаймон бўлмаймиз.
Орадан неча йил ўтди. Фермернинг ўғли ўрта мактабни, кейин тиббиёт университетини тугатди ва кўп ўтмай у пеницилинни кашф этган микробиолог номи билан дунёга машҳур бўлди. Унинг исми Александр Флемминг эди.
Урушдан бир оз олдин, ўша жентельменнинг ўғли пневмониянинг оғир шакли билан Лондон клиникаларидан бирига тушди. Қизиғи, бу сафар унинг ҳаётини айнан доктор Флемминг томонидан кашф этилган пенициллин қутқарди.
Флеммингни ўқитган жанобнинг исми Рандольф Черчиль, унинг ўғли эса кейинчалик Англия Бош вазири бўлган Уинстон Черчиль эди
Эҳтимол Уинстон Черчиль шу воқеаларни эслаб: “Қилган яхшиликларингиз албатта ўзингизга қайтади”, деган бўлса керак.
Интернет материаллари асосида,
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.