Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда
"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилди.
Янги қонун лойиҳасига кўра:
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса
23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш;
- ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
- болани парваришлаш бўлиш вақтининг хаммасини жамланганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
- республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда амал қилиб турган даврда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар, ушбу тадбирлар (чекловлар) даврида ёки тугагандан сўнг бир ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган тақдирда, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинлаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўриб чиқилмоқда ва яқин вақт ичида ялпи мажлисга киритилади.
"Сўнгги йиллардаги ўзгаришлар инобатга олинса, мазкур янгиликлар фуқароларга қулайлик яратиш йўлидаги прогрессив қадам, дейиш мумкин", деб ёзган депутат.