Пошнали оёқ кийимлар аслида эркаклар учун чиқарилган

“Ингичка пошналарни ким ихтиро қилганини билмайман. Лекин дунёдаги барча аёллар ундан қарздордирлар”, деган эди Мерилин Монро. Биз эса сизга оёқ кийимлар ҳақида Мерлин Монро билмаган ушбу ва бошқа бир қатор фойдали ҳамда қизиқарли маълумотларни ҳавола этмоқчимиз.

* Ингичка узун пошналар 1950 йилда дизайнер Сальваторе Феррагамо томонидан ихтиро қилинган ва биринчилардан бўлиб уни Мерилин Монро "Жазда фақат қизлар" кинокартинасида кийган эди.

* Пошнали оёқ кийимлар даставвал эркаклар учун ўйлаб топилган. Бу уларга отда юрганда оёқнинг узангида мустаҳкам туришига ёрдам берар эди. Айнан шунинг учун пошна жуда узоқ вақт давомида эркаклар пойабзалининг ажралмас қисми бўлиб келган.

* 2 сантиметрдан 4 сантиметргача бўлган кенг товонли пошна оёқлар саломатлиги учун энг маъқул оёқ кийимлар ҳисобланади.

* Кунига 5 соатдан ортиқ пошнали пойабзалда юриш умуртқа поғонаси учун хавфли бўлиб, ҳомиладорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

* Янги пойабзални куннинг иккинчи ярмида ёки узоқ яёв юришдан кейин сотиб олиш тавсия этилади. Куннинг бу қисмида оёқ ўлчами бироз катталашишининг ҳисобига кейинчалик янги оёқ кийимни кийишда ортиқча қийинчиликка учрамайсиз.

* Ўнг ва чап оёқ учун алоҳида пойабзал тайёрлашни биринчи бўлиб юнонлар йўлга қўйишган. Унга қадар эса бутун дунёда ўнг ва чап оёқ учун бир хил оёқ кийими тайёрланар эди. Замонавий оёқ кийимларда бу усул фақатгина 1812 йилга келиб италиялик ишлаб чиқарувчилар томонидан қўллана  бошлаган.

* Тагчарми платформали пойабзаллар Юнонистонда театр актёрлари томонидан саҳнада бўйларини баландроқ кўрсатиш учун ўйлаб топилган.

* Статистикага кўра, пойабзалларнинг ўнг оёғи чап жуфтига қараганда анча тезроқ эскиради.

* Пойабзал дунёсининг энг ёш дизайнери Жимми Чоо ҳисобланади. У биринчи муаллифлик дизайнларини 11 ёшида ярата бошлаган. Бугунги кунда унинг пойабзаллари сайёрада энг оммабоп, бозоргир маҳсулотлардан бўлиб, замонавий қизларнинг жовонларида алоҳида ўрин эгаллайди.

* Америка қўшма штатлари аҳолиси фарзандларининг биринчи оёқ кийимларини хотира сифатида сақлашади. Баъзи ота-оналар ҳатто уларни машинанинг орқа ойнасига осиб қўйишади.

* Норвегияда эса ота-оналар боланинг биринчи пойабзалига кумуш эритмаси югуртириб, оилавий эсдалик сифатида сақлайди.

* Яхши оёқ кийимнинг 5 белгиси - унинг сифатли матодан тикилгани, поябзал тагчармининг эгилувчанлиги, текис ва пишиқ чоклар, оёқ кийимда ўткир ҳиднинг йўқлиги ва албатта, жуда қиммат бўлмаган нархида, деб ҳисоблашади мутахассислар.

Дилора Холиқова тайёрлади.