Пойтахтдаги Амир Темур хиёбонида юз берган ҳолат бўйича расмий ахборот берилди. Жанжални бошлаган 12 нафар фуқаро ушланди
Кеча ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида рўй берган ҳолатлар бўйича турли хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси расмий хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 28 март куни тахминан соат 15:00-15:15 ларда Юнусобод туманидаги Амир Темур хиёбони олдида 3-4 нафар фуқаро Т.С. исмли йигит ва Б.Р. исмли қизни ЛГБТ фаоллари деб гумон қилиб, уларни уришга ҳаракат қилган. Ушбу фуқароларга 20-25 нафар бошқа шахслар қўшилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик ҳаракатларини содир этган.
Воқеа жойида хизмат қилаётган Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий Гвардия ходимларининг аралашуви билан Т.С. ва Б.Р. ҳимоя қилиниб, уларга тан жароҳати етказилишига йўл қўйилмади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлари натижасида низонинг оммалашиб кетишининг, шунингдек, бошқа оғирроқ оқибатларнинг олди олинди ҳамда ҳеч кимга шикаст етмади.
Жанжални бошлаган ва фаол иштирокчиси бўлган фуқароларнинг 12 нафари ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми («Безорилик») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
"Мазкур жанжалда диний мазмундаги низо бўлмаган", дейилади хабарда.