Премьера: Қалбларни жунбушга келтирган тазарру

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фармон Тошевнинг “Тазарру” асари асосида режиссёр Ғафур Мардонов томонидан саҳналаштирилган спектаклнинг премьераси бўлиб ўтди.

Мазкур асар фарзанднинг қилмиши учун қадди букилган отанинг изтироби, ёлғиз фарзанднинг қилган хатолари сабаб ота-онаси, оиласи олдида тазарруси ҳақида. Режиссёр бежиз бу асарни саҳналаштирмади. Унда бугунги кунда ёшларимизнинг оиласи, ота-онаси олдида бурчларини унутаётгани, бойлик, амал ортида қилинаётган хиёнат, худбин фарзанднинг қилмишлари ёритилган.

Спектакль томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.

Асар премьерасида  вилоят жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар иштирок этди. Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов, ҳоким ёрдамчиси Н.Ибрагимов, асар муаллифи Ф.Тошев, режиссёр Ғ.Мардонов ва бир неча томошабинлар спектакль моҳияти, унинг бугунги кун учун қиммати ва муҳимлигини таъкидлади.

Энди бевосита спектаклда акс этган воқеалар, унинг яратилиши, ижроси ҳақида тўхталсак.

Фарзандга мартаба эмас, имон сўранг

Фарзанд дунёга келар экан ҳар бир ота-она, аввало, унинг жамиятимизга фойдаси тегадиган, иймонли, солиҳ фарзанд бўлиб вояга етишини тилайди. Умиджон туғилганда ҳам Сирожиддин ота ўн икки йил орзиқиб кутган фарзандини келажакда етук, мартабали инсон бўлиб камол топишини ният қилади. Уни асраб-авайлаб вояга етказади, ўқитади. Аммо номақбул фарзанд пул топиб, обрўга эришгач, ёнидаги разил ниятли ўртоғининг ҳийла-найрангига учиб, мансабидан фойдаланиб, жамиятга, оиласига, ота-онасига хиёнат қилади. Вақтини тунги клубларда, маишат, ичкиликбозлик билан ўтказаётган ўғил автоҳалокатга учрайди. Қамалишдан, мансабидан, дўстларидан, кунлик маишатидан ажралиб қолишни истамай ўз жиноятига отаси бўйнига қўймоқчи, унинг ортига бекинмоқчи бўлади. Иймонли ота, нобакор ўғли учун ёлғон гапиришга мажбур бўлиб, барча жиноятларни бўйнига олади. Спектаклнинг кульминацияси ҳам шунда. Биз ҳаётда қоқилсак дарров отамизни эсга оламиз, унинг кўмагига муҳтож бўламиз. Умид ҳам ўз қилмишларини яширишда бегуноҳ, 40 йил маҳалла болаларига маърифат улашган, имон-эътиқодли отасининг елкасига юклайди. Бу иснодни, оғир юкни кўтара олмаган Сирожиддин ота вафот этади. Турмуш ўртоғи билан сўнгги бор суҳбатида бир жумлани тилга олади: “Қаерда хато қилдим, фарзандимда доим соғлик тиладим, умр тиладим, мартаба тиладим, аммо имон сўрамадим”.

Сирожиддин ота ўтган умрини хаёлидан ўтказар экан фарзанд тарбиясида қачон адашганини ўйлайди. Умид қилган хатоларини тушуниб, тазарру қилганида, афсуски, кеч бўлади. Отасининг сўнгги сўзини эшитолмайди. Ачинарлиси, меҳрибони бу дунёни тарк этганди. Спектаклнинг айтар сўзи ҳам шу ерда. Оиламиз, ҳаётимиз устуни бўлган ота-оналаримизни қадрига етиш, уларнинг розилигини олиш.

Спектаклда ролларни асосан ёшлар ижро этди

Спектаклни томоша қилар экансиз ундаги ролларни ёш, истеъдодли актёрлар ижро этганига гувоҳ бўласиз. Бу бежиз эмас. Шу ўринда режиссёрнинг маҳорати ҳам уларнинг характеридан фойдалана олганлиги спектаклнинг муваффақиятини таъминлаган, десам адашмайман. Ота, она, фарзанд, келин образлари ўзига хос характерга эга. Уларни актёрлар шундай ижро этдики, томошабин улар билан бирга кулди, бирга йиғлади. Уларнинг дардига, қайғусига шерик бўлди.

- Сирожиддин ота фожиаси, афсуски, бугун ҳаётимизда кўп учрайдиган ҳолат бўлиб қолди, - дейди актёр Машраб Бекмуродов. – Ота образини гавдалантирар эканман, унинг фарзанди туғилгандаги қувончини, унинг эришаётган ютуқларидан сармастлигини, шу билан бирга фарзанди сабаб гуноҳга қўл уриб, қадди букилганидаги изтиробини қалбан ҳис қилдим. Ва мен учун оғир саҳна кўриниши не-не умидлар билан ўстирган, тарбия берган фарзанди ўз айбини яшириш мақсадида отасидан фойдаланиш саҳнаси бўлди. Отанинг аҳволи, қалбидаги кечинмаларни томошабинга етказиб беришга ҳаракат қилдим. Барибир қилган ҳар бир гуноҳимизни Аллоҳ кузатиб турибди.

Имон-эътиқодли Сирожиддин ота ҳам жамият олдида фарзандининг жиноятини бўйнига олди, Яратган олдида бу ишни қила олмади. Унинг эътиқоди ҳам шунда эди. Томошабин спектаклни кўрар экан, фарзанд истагида оиланинг сабр-бардоши, келиннинг қайнонаси олдида андишасини, елкадош чол-кампирнинг бир-бирини авайлашини, худбин фарзанд кирдикорларини кўради.

Умиджон – замонавий падаркуш тимсоли

Спектаклни ёш, маҳоратли режиссёр Ғофур Мардонов қисқа фурсатда саҳналаштириб, томошабинларга туҳфа этди. Залдаги томошабин нигоҳидаги изтироб, кўзларидаги ёшни саҳналаштирувчи режиссёрнинг самарали меҳнати меваси дейиш мумкин.

- Асар бежиз "Тазарру" деб номланмаган. Сабаби, бу сўз сўнгги вақтларда ўз моҳиятини йўқотаётгандек, - дейди режиссёр Ғофур Мардонов. – Томошабинларга бу сўз моҳиятини спектаклимиз орқали ёдга солиш, ёшларимизни гуноҳ иш қилишдан, жиноят содир этишдан асрашни мақсад қилганмиз. Бу асарни замонавий падаркушлик, десак адашмайман. Фарзанд ўз манфаатлари йўлида отасининг қотилига айланди. Дастлаб муаллиф Фармон Тошевнинг ҳикоясини қўлга олар эканман, айнан шу жиҳат қалбимни ларзага солди. Ва ижодий жамоамиз билан бирга уни икки пардали, 8 кўринишли драма шаклига келтирдик. Жамоамизда асосан ёшлар ишлади. Мусиқа, декорациялар, ижро ҳам ўзига хос бўлди. Асарнинг муваффақияти кўп жиҳатдан жамоанинг ҳамфикрликда ишлашига боғлиқ. Театр жамоаси билан илк бор ишлаётган бўлсам ҳам актёрлар билан бир-биримизни жуда тез тушундик. Ва мана шундай таъсирли асар яратилишига сабаб бўлди. 

Ёш рассом Илҳом Рустамовнинг декорациясида ҳам ўзига хос ечим бор. Асар бошида Умид ўн икки йил Сирожиддин ота оиласида кутилганлиги айтиб ўтилади. Саҳнадаги бешик мана шу сабр-бардошнинг меваси. Момоларимиз бешикка боланинг тўғри ўсиши учун солишади. Умиднинг хиёнатида эса бешикка дарз кетилади. Рассомнинг маҳорати ҳам шунда. Фарзанднинг бешикка хиёнати, тўғриликдан воз кечгани.

“Афсуски, театрларимизда маҳоратли рассомларимиз кам. Декорация чизиб, иккита шермани алмаштириб туриш рассом иши дегани эмас. Рассом спектакль кульминациясини чизмаларида ифодалаши керак. Ҳамоҳанглик томошабин нуқтаи назарини спектаклдан бир дақиқа ҳам қочирмайди”, дейди ёш рассом.

Театр - ҳаётимиз кўзгуси. Бу кўзгуда биз ўзимизни-да кўришимиз мумкин. Спектаклда ҳам жамиятимизнинг айрим иллатлари саҳналаштирилганки, бундан ёшларимиз ибрат олса арзийди. Айниқса, Умиднинг тазарруси томошабинларнинг қалбини жунбушга келтиргани шубҳасиз.

Насиба Жонтўраева.