Қирқта олийгоҳга молиявий мустақиллик берилгани ўз самарасини берди

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича кенгайтирилган йиғилишда маълум қилди.
Масалан, иқтисодиёт, юридик, тиббиёт, тиллар ва педагогика йўналишидаги олийгоҳларнинг етарли маблағи бор. Лекин энг долзарб бўлиб турган қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик, аниқ ва табиий фанлар (STEM) йўналишидаги айрим олийгоҳлар даромад топишга ўрганмаётгани, ёшлар учун жозибадор эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Президентимиз “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжирини йўлга қўйишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этди.
Бу борада 25 та муҳандислик олийгоҳи ҳамкор корхоналарда 438 та кафедра очди. Масалан, нефть-газ тармоғи таълим-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил қилди. Бухоро техника университети эса нефть-газдан ташқари яна 10 та корхонада 20 та кафедра филиали фаолиятини йўлга қўйди.
Бухоро вилоятида яқин йилларда йирик газ-кимё мажмуаси ишга тушиши кутилмоқда. Хорижий компаниялар томонидан Устюртдаги янги лойиҳалар бўйича ишлар бошланган.
Президентимиз бу қувватларга мутахассислар қаерда тайёрланади, илмий изланишлар ким томонидан олиб борилади, деган саволларга ҳозирдан жавоб топиш кераклигини таъкидлади.