Президент топшириғи Самарқандда қандай самара беради?
Президентимиз жорий йил 20 август куни мамлакатимиз тадбиркор ва ишбилармонлари билан бўлиб ўтган учрашувдаги нутқида келгуси йил 1 январдан қиймати 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар бўйича ташқи муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлишини айтиб ўтди.
Бу борада ташаббус, топшириқ Самарқанд иқтисодиётига, ҳудуддаги тадбиркорларга қандай наф келтиради?
Ҳозирда қиймати 200 миллиард сўмдан юқори бўлган Самарқанд, Жомбой, Паст Дарғом, Нарпай, Ургут, Тойлоқ ва Нуробод туманлари, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида умумий қиймати 8 триллион 378 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига 14 та йирик ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Мазкур ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш учун дастлабки ҳисоб-китобларга асосан 103,1 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан 37,6 километр электр тармоқлари, 84 километр табиий газ, 35,9 километр ичимлик суви тармоқлари ва 23,8 километр автомобиль йўлларини қуриш кўзда тутилмоқда.
Юқорида қайд қилинган корхоналар ишга туширилиши натижасида 4740 та янги иш ўринлари яратилиб, 1 триллион 256 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва қўшимча 150,8 миллиард сўм бюджет тушуми таъминланади.
Маълумот учун, Нуробод, Жомбой, Самарқанд туманлари ва Каттақўрғон шаҳарида умумий қиймати 3,9 триллион сўмлик 4 та йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тизимлари билан таъминлаш учун республика бюджетидан 45,6 миллиард сўм миқдорида бюджет маблағлари ажратилади. Мазкур маблағлар ҳисобидан 29,5 километр табиий газ ҳамда 25,4 километр электр тармоқлари, 14,1 километр сув ва канализация тармоқлари ҳамда 9,5 километр йўл инфратузилма объектларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Айни пайтда ушбу корхоналарни муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича бош лойиҳа ташкилотлари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, вилоятдаги 14 та туман ва шаҳарларнинг 18 та ҳудудида майдони 560 гектардан иборат эркин иқтисодий зона филиалларини ташкил этиш таклифлари ишлаб чиқилди.
Ушбу филиалларни ташқи муҳандислик инфратузилмаси билан таъминлаш учун 416,5 миллиард сўм ҳисобидан 53 километр автомобиль йўллари, 70,5 километр ичимлик суви тармоғи, 24 та сув иншооти, 53 километр оқова сув тармоғи, 10 та сув тозалаш иншооти, 52 километр электр тармоқлари, 31 та трансформатор, 161,8 километр табиий газ, 28 та газ тақсимлаш пункти, 55 километр оптик толали алоқа тармоқларини қуриш кўзда тутилган. Натижада 120 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, бюджетга қўшимча 15 миллиард сўм солиқ тушумлари ва 15 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Барча туман ва шаҳарларда майдони 210 гектардан иборат 88 та янги кичик саноат зоналари ташкил этилиб, ўртача 893 та лотларда қиймати 223,1 миллиард сўмлик 797 та лойиҳаларни жойлаштириш имконияти яратилади.
Ушбу кичик саноат зоналарини ташқи муҳандислик инфратузилма билан таъминлаш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 119,5 километр электр энергияси, 82,2 километр автойўл тармоғи тортиш, 21,3 километр газ қувурлари, 173,2 километр ичимлик суви қувурлари тортиш ҳамда қурилиш ишлари учун 247,4 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Қайд қилинган лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 4 463 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, йиллик 446,3 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.
Умуман, жорий йилда вилоятимизда 1 159,2 километр электр узатиш тармоқлари ва 309 та трансформатор пунктларида янгидан қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилади. Шунингдек, 3 дона янги подстанция қуриш, 2 дона подстанциянинг қувватини ошириш, 14 дона подстанцияларни реконструкция қилиш режалаштирилган. Ушбу ишларни амалга ошириш учун жорий йилда 162,8 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Шунингдек, кейинги йилда Нурободда давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қуввати 100 мВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва Паст Дарғомда қуввати 600 мВт бўлган кўмир ёқилғисида ишлайдиган иссиқлик электр станциясини қуриш режалаштирилган.