Президентдан нажот кутган самарқандлик тадбиркор мурожаатига Олий суд муносабат билдирди

Интернет нашрларида “Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов сабаб 12 йилга қамалган самарқандлик тадбиркор Президентдан нажот кутмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2017 йил 3 февраль кунидаги ҳукмига кўра, Шерзод Бурханов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “а”, “в” бандлари, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди, 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 28, 211-моддаси (пора беришда иштирок этиш) 3-қисми “а” банди ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59- (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61- (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг 450 баравари, яъни 58 608 000 сўм миқдорида жарима ва 12 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Ш.Бурхановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6-банди “б” кичик банди татбиқ этилиб, жазонинг амнистия акти чиққан кунга қадар амалда ўталган муддати чегириб ташланиб, қолган жазоси тўртдан бир қисмига қисқартирилган.

Ш.Бурханов ва унинг ҳимоячилари томонидан келтирилган кассация тартибидаги шикояти жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясида кўриб чиқилиб, ушбу суднинг 2017 йил 23 майдаги ажримига кўра қаноатлантирилмасдан ва жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2017 йил 3 февраль кунидаги ҳукмининг Ш. Бурхановга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 16 августдаги ажрими билан Ш.Бурхановга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2017 йил 3 февралдаги ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясининг 2017 йил 23 майдаги ажрими ўзгартирилиб, унинг ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 189-моддасидан шу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилиниб, қонунга мувофиқлаштирилиб, тайинланган энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдоридаги 45 584 000 сўм жарима жазоси ўзгаришсиз қолдирилган.

Ш.Бурхановга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Ш.Бурхановга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари, 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди, 243-моддаси билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилиб, Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазолар қисман қўшиш йўли билан узил-кесил энг кам ойлик  иш ҳақининг 450 баравари миқдорида 58 608 000 сўм жарима, 11 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Суд қарорларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Бундан ташқари, Ш.Бурхановнинг ҳимоячиси О.Мухторова Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси қабулида топширган шикояти жиноят иши материаллари асосида ўрганиб чиқилиб, унга 2019 йил 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан 13-5680-17 рақамли жавоб хати билан берилган шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги ҳақида маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати.