Прокуратура органлари ходимлари касб байрамини нишонлади
Самарқанд вилоят прокуратурасида Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан тадбир ўтказилди.
Унда вилоят, шаҳар ва туманлар прокуратуралари, ҳарбий прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимлари ҳамда соҳада кўп йиллар меҳнат қилган фахрийлар иштирок этди.
Видеоселектор тарзида ўтган тадбирда республика Бош прокурори Н.Йўлдошев тизимда фаолият олиб бораётган соҳа ходимларини байрам билан табриклаб, қонунлар ижроси устидан назорат олиб бориш, шу мақсадда соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича тизимда кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, соҳа ходимларининг фаолияти халқ манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлашда соҳа ходимлари зиммасидаги масъулият янада ортгани қайд этилди.
– Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасидаги фаолият изчил такомиллашди, – деди вилоят прокурори Ф.Зуфаров. – Соҳа ходимларининг халқ билан бевосита мулоқот олиб бориш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш имкониятини оширди. Шу билан бирга, бу ишларни бажаришда вилоят прокуратураси тизимида фаолият юритаётган барча ходимлардан катта масъулият, фидойилик, ҳалоллик талаб этилади.
Шунингдек, тадбирда бир гуруҳ соҳа ходимлари Бош прокурор ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.
Бахтиёр МУСТАНОВ.