Прокурор аёл нега бу соҳани танлади?

Суҳбатлашиш учун илгари кўрмаган қаҳрамоним ёнига борар эканман, унинг кўринишини оз бўлса-да, хаёлда жонлантириб кўраман. Бу сафар хаёлимдаги кўриниш анча алдади. Тасаввур қилганимдан кўра ёш, жуссаси нозиккина туман прокурори деб таништирилган аёл билан суҳбатлашишга киришар эканман, табиийки, илк саволларим унинг бу соҳага келиши сабабларига боғланди. Демак, суҳбатдошим – Нуробод тумани прокурори, адлия маслаҳатчиси  Норсулув Сойипова.

- Ота-онам мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Биз, фарзандларнинг яхши таълим олишимиз учун барча шароитларни яратиш билан бирга, қайси соҳани танлаш борасида ҳам тўғри маслаҳат берганлар, деб ўйлайман, - дейди Норсулув Сойипова. - Менинг шу касбни танлашимда онамнинг ўрни катта бўлган. Отам ҳам, онам ҳам математика фани ўқитувчиси бўлсалар-да, бизнинг барча фанларни ўзлаштиришимизни назорат қилардилар. Гуманитар фанларга қизиқишим кўпроқ эди, лекин математикани ҳам яхши кўрардим. Бир куни онам «Қизим, сенинг интилишинг, қарашларинг бошқача. Ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олсанг, бу соҳада ўз ўрнингни топсанг керак, деб ўйлайман», дедилар. Онамнинг гапларидан руҳланиб, Тошкент давлат юридик институтига ўқишга кириш учун тайёрлана бошладим. 

Буни қарангки, шу йил ушбу олийгоҳ талабаси бўлдим. Яхши биласиз, юридик институтига танлов доим жуда қизғин бўлган, шунинг учун билимли талабалар кўп эди. Улардан қолишмаслик, қолаверса, ота-онамнинг юзини ёруғ қилиш учун тинимсиз билим олишга, яхши ўқишга интилдим.

- Эндигина ўқишни тугатган, ёшгина қизни Самарқандда, прокуратура ходимлари қандай кутиб олишди?

- Яхши бир насиҳат билан кутиб олишди.

- Яъни...

- Бу тизимда аёллар ишлаши жуда қийин, яхшилаб ўйлаб кўргин, дейишди. Тўғри, билиминг яхши бўлиши, ишни эплаб кетишинг мумкин, лекин шахсий ҳаётни ҳам бирдай олиб бориш осон бўлмайди. Ҳали ёш экансан, ҳозирдан яхшилаб ўйлаб кўр, қизим, дейишди. Ўша пайтлар ҳали турмушга чиқмаган, ёш, ҳаётнинг пасту баландини билмайдиган, фақат ўзим танлаган соҳада сидқидилдан меҳнат қиламан, деган аҳди бор қиз эдим. Шунинг учун бу гапларга унчалик парво қилмадим. Шу соҳада ишлайман, дедим.

- Ва илк иш фаолиятингизни Самарқанд тумани прокуратурасида бошладингиз.

- Ҳа, бу масканда менга устозлик қилиб, соҳанинг сир-асрорларини ўргатган инсонлар кўп бўлди. Ўқиган, ўрганганларимизни амалиётга татбиқ этдик. Кейинчалик Самарқанд шаҳар прокуратурасида ишладим. Шундан сўнг вилоят прокуратурасида бўлим бошлиғи сифатида фаолиятимни давом эттирдим. Устозларим Галина Бурхонова, Моҳира Султонова ва бошқа кўплаб ҳодимлар менга касб сирларини эринмай ўргатишди, улардан бир умр миннатдорман.

- Тизимда аёл ходимлар кам, дегандингиз юқорида.

- Ҳа, соҳада аёллар саноқли, саноқли бўлса-да, барчаси ўз ишининг моҳир устаси.

- Нурободда туман прокурори сифатида сизни қандай кутиб олишди?

- Жуда яхши кутиб олишди. Яхши биласиз, бугун ҳар бир ҳудудда бир нечта тизим раҳбарлари бошчилигида секторлар фаолияти йўлга қўйилган. Сектор раҳбари сифатида тизимли равишда жойларда учрашувлар, сайёр қабуллар ўтказиб борамиз. Айниқса, мана шу сайёр қабулларда мурожаат қилувчилар орасида аёлларнинг кўплиги боис улар ҳаммадан ҳам кўпроқ хурсанд бўлишди. Аксарияти «Яхшиям аёл раҳбар бўлибди, фикримизни бемалол тушунтира оламиз», деб бир неча бор таъкидлашди.

- Келинг, шу ўринда туманда, 2-сектор ҳудудида амалга оширилгани хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Ушбу ҳудудда жами тўққизта маҳалла, ундаги 7695 та хонадондаги 9509 та оилада 41580 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, аҳолининг турмуш даражасини кўтариш масаласида қатор ишлар олиб борилди. Хусусан, йўл бўйи инфратузилмасини барпо этиш учун сектор ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган А-378 «Самарқанд-Қашқадарё» автомобиль йўлининг 30-45 километр масофа оралиғида жами 5,6 гектардан иборат паст рентабелли экин ерлари тоифаси ўзгартирилиб, туризм ва йўл инфратузилма объектлари қурилиши учун ажратилди.

Ҳудудни жадал ривожлантиришда инвестицияларни жалб қилиш ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича умумий қиймати 13 миллиард 200 миллион сўмлик 2 та истиқболли инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 27 та янги иш ўрни яратилди.

Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 78 та таянч устун, 17 километр электр узатиш тармоқлари, Олтинсой, Омондара, Жом ва Дўстлик маҳаллаларида 7 та янги трансформатор ўрнатилди, 23 та трансформатор жорий таъмирланди.

Ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида Халқобод, Дўстлик, Тегирмонбоши маҳаллаларида сув иншооти қурилиб, 5 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. 14,7 километр ички йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, асфальт қилинди ва 23 километр йўл шағаллаштирилди.

 «Темир дафтар»да рўйхатга олинган 105 та эҳтиёжманд оиланинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида ишсиз оила аъзолари бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, субсидиялар ҳисобига иссиқхоналар қуриб бериш, ўзини ўзи банд қилиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 72 та оила рўйхатдан чиқарилди.

Ҳозирда «Темир дафтар»да рўйхатда қолган 33 та эҳтиёжманд оила билан иш олиб борилмоқда.

Сектор ҳудудидаги қишлоқларда яшовчи хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги «Зарафшон текстиль» ва «Дака Текс» МЧЖлари вакиллари таклиф қилиниб, 70 нафардан зиёд хотин-қиз доимий ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, кам таъминланган 28 нафар хотин-қизга субсидия асосида тикув машиналари ва бошқа асбоб-ускуналар берилди. Тегирмонбоши маҳалласида тикув цехи ташкил қилиниб, 70 нафар хотин-қиз учун доимий иш ўрни яратилди. Халқобод ва Дўстлик маҳаллаларида 2 та тикувчилик кооперацияси ташкил қилиниб, 24 нафар хотин-қиз бандлиги таминланган. Бундан ташқари, тўртта эҳтиёжманд оилага уй қуриб берилди ва  11 оилага уй қурилиши ҳамда таъмирлаш ишларига амалий ёрдам кўрсатилди.

- Бугун вилоят миқёсида жиноятчилик сони ортган, бунинг олдини олишда қандай ишларни амалга оширяпсизлар?

- Тўғри, жиноятлар сони, айниқса, фирибгарлик, ўғирлик жиноятлари, йўл-транспорт ҳодисалари ошиши кузатилмоқда.

Жиноятнинг олдини олиш учун мактабгача ва мактаб таълимида тарбия, одобнома каби фанлар жуда юқори савияда ўтилиши керак, деб ўйлайман. Оиладаги тарбия бугун болаларни моддий таъминлашдан кўра муҳимроқ.

Биз кўпинча қизларни турмушга тайёрлаш, уларнинг касб-ҳунарга ўрганиши шарт, дея фикр билдиряпмиз. Бу ҳам тўғри. Аммо оилада эркак кишининг ўрни йўқолмаслиги керак. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини ошириш, жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш, «жиноят ўчоқлари»ни бартараф этиш, маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ижтимоий профилактика ишларини «Обод ва хавфсиз маҳалла», «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз хонадон» ва «Хавфсиз ҳовли» тамойиллари асосида ташкиллаштириш, жамоатчилик ҳамда мутасадди давлат идоралари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аммо асосийси оиладаги тарбия ва мактабдаги таълимдир.

- Юқорида прокуратура тизими раҳбарлари айтган огоҳлантириш ҳақида кейинчалик ўйлаб кўрдингизми? Бу тизимда ишлаётганингиздан афсусландингизми?

- Афсусланмайман, аксинча, фахрланаман, лекин аёл киши учун бу соҳа ҳаддан ортиқ оғирлик қилишини бошимдан ўтказган шахс сифатида айта оламан. Тасаввур қилинг, хоҳ саҳар, хоҳ ярим кечаси бўлсин, сизга етиб келадиган ва сизни ҳаракатга ундайдиган хабарлар доим бир-биридан салбий ва оғир бўлади. Кимдир кимнидир ўлдирди, зўрлади, ўғирлик содир бўлди, ўз жонига қасд қилди, жароҳатлади. Биласизми, шунча йил ишлаган бўлсам-да, ҳалигача бундай хабарлардан этим жунжикади. Инсондан жуда катта ирода, матонат, билим ва тафаккур талаб этади бу соҳа.

- Ишларингизда омад ёр бўлсин! Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.