Прокурор ўринбосари: "Спорт соҳасида талон-торожликлар бор, маданият марказларида шароит йўқ"
Вилоят прокуратураси спорт ва маданият соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат тармоғи томонидан 2022 йилда бир қатор назорат тадбирлари амалга оширилди.
Натижада спорт соҳасидаги қонунбузилиш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 3 та тақдимнома киритилди. Қонунга зид қарорларни бекор қилиш тўғрисида 12 та протест келтирилиб, 4 нафар шахс интизомий ва 14 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 11 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 2 та жиноят иши қўзғатилди.
Хусусан, Тойлоқ тумани спорт мактабида ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг тўғри ҳисобланиши ва тўланиши аҳволи танлов асосида назорат тартибида текширилганда ишга қабул қилинмаган ҳамда спорт мактабида ишламаган фуқароларга 125 миллион 647 минг 768 сўм иш ҳақи ёзилиб, ўзлаштирилган. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Тойлоқ тумани спорт мактаби мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “а, г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Маданият ва санъат соҳасида ўтказилган текширишлар натижасида қонунбузилишлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида 4 та тақдимнома киритилган. Қонунга зид қарорларни бекор қилиш тўғрисида 7 та протест келтирилиб, 5 нафар шахс интизомий ва 1 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Жиддий қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 2 та жиноят иш қўзғатилган.
Масалан, Нарпай тумани маданият бўлими моддий жавобгар шахслари ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзганинг кўп миқдордаги мол-мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилган.
Бундан ташқари, маданият марказларининг бинолари ҳамда яратилган шарт-шароитлар талаб даражасида эмас. Хусусан, фаолият кўрсатаётган маданият марказларининг 65 таси (50,7 фоиз) 1990 йилга қадар қурилган, маънан эскирган биноларда жойлашган. 15 та маданият маркази ўз биносига эга эмас, 7 таси авария ҳолатига келиб қолган ва 18 таси таъмирталаб.
Ҳудудий маданият марказлари ўтказиладиган тадбирларга текин жалб қилинмоқда. Ваҳоланки, Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Маданият вазирлиги ва бошқа давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар ва ижрочиларнинг жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Маданият марказлари томонидан тўгараклар ва пулли асосда маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш тўғри йўлга қўйилмаганлиги сабабли ўз самарасини бермаган. 78 та маданият маркази томонидан пулли асосда бирорта маданий-маърифий тадбир ташкил этилмаганлиги оқибатида даромад олинмаган. Туман ва шаҳар ҳокимликлари, ташкилот ва муассасалар билан маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича биронта шартнома тузилмаган.
Дилмурод Сайидқулов,
Самарқанд вилояти прокурорининг ўринбосари.